2-босқич ғолиблари тақдирланди
Нукус шаҳридаги Ёшлар майдонида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг 2-босқичи – “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси олимпиадаси ва Паралимпиадаси”нинг тақдирлаш маросими ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев ғолибликни қўлга киритиб, Ўзбекистон Республикаси босқичига йўлланма олган барча ёшларни табриклади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш, Олимпия ва миллий спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ана шу йўналишдаги эзгу ишлардан саналади.

Жорий йилги мусобақаларнинг биринчи босқичида 13 спорт тури бўйича 23 минг нафарга яқин ёш иштирок этган бўлса, иккинчи босқич якуни билан 3 минг нафарга яқин иштирокчилар орасидан 350 нафардан зиёд ёшлар спортнинг 19 тури бўйича “Президент Олимпиадаси”га йўлланмани қўлга киритишди. Энг муҳими, “Президент Олимпиадаси” ёшлар учун нафақат беллашувлар майдони, балки чинакам спорт ва дўстлик байрамига айланиб улгурди.
Ғолиблар муносиб рағбатлантирилиб, тадбир санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири