Янги уйга янги орзулар билан
Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани Ғалаба маҳалласида янги қурилган 12 хонадонли “Камолот” уйи” фойдаланишга топширилди.
Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани Ғалаба маҳалласида янги қурилган 12 хонадонли “Камолот” уйи” фойдаланишга топширилди.
Ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш, айниқса, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уй-жой ҳамда маиший шароитларини янада яхшилаш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат дастури бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда.
Янги уйларнинг калитини эгаларига топширишга бағишланган маросимда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди фаоллари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Янги хонадонларнинг эгаларига уй-рўзғор буюмлари, болажонларга янги йил совғалари топширилди. Нуроний отахон ва онахонлар юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, янги хонадон соҳибларига бахт-саодат тилаб дуо қилди.
– Юртбошимизнинг биз, ёшларга ғамхўрлиги туфайли уй имтиёзли ипотека кредити билан йигирма йилга фоизсиз, бошланғич тўловсиз берилаётганидан беҳад мамнунмиз, – дейди янги уй соҳибларидан бири “Мирзачўлтумангаз” корхонаси чилангари Авазбек Омонов. – Замонавий асосда бунёд этилган уйдаги шароитлар шаҳардагидан асло қолишмайди.
Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича белгиланган дастур асосида 2014 йилда вилоятда ёш оилалар учун мўлжалланган 86 хонадонли учта “Камолот” уйи” қурилди. Жумладан, Ғаллаорол тумани Маржонбулоқ шаҳарчасидаги 56 хонадонли, Пахтакор туманидаги 18 хонадонли уйлар ҳам яқин кунларда ўз эгаларига топширилади.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими С.Исмоилов сўзга чиқди.