Янги инновацион лойиҳалар тақдимоти
Жиззахда ўтказилган инновацион лойиҳалар кўргазмасида 80 дан ортиқ технология ва ишланмалар намойиш этилди.
Жиззахда ўтказилган инновацион лойиҳалар кўргазмасида 80 дан ортиқ технология ва ишланмалар намойиш этилди.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ҳудудий инновация ва технологиялар трансфери маркази томонидан Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институти, Жиззах политехника институти ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада ишлаб чиқариш корхоналари, фермерлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Энергия тежайдиган, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, ахборотлаштириш ва коммуникация, қишлоқ хўжалигида биотехнология, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, кимё технологиялари ҳамда нанотехнологиялар бўйича намойиш этилган ишланма ва қурилмалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Жиззах политехника институтининг ёш тадқиқотчилари томонидан Тошкент кимё-технология институти билан ҳамкорликда пахта чиқитидан техник сурков мойи олиш бўйича яратилган янги лойиҳани мутахассислар, айниқса, юқори баҳолашди. Тегишли техник синовлардан ўтган лойиҳанинг лаборатория синовлари учун 2014 йилда 85 миллион сўмлик грант маблағи ажратилди.
– Президентимизнинг 2008 йил 15 июлда қабул қилинган “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори янги ишланма ва тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этаётир, – дейди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ҳудудий инновация ва технологиялар трансфери маркази директори Нодира Саидаҳмедова. – Шу мақсадда ташкил этилган марказимизда ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Янги технологик ишланма ва ихтироларни амалиётга татбиқ этишда илмий муассасалар, саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакилларининг ўзаро ҳамкорлиги яхши самара бермоқда.