195 та ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объекти фойдаланишга топширилди
Иқтисодиёт ва молия вазири матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшана Умарова иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган 2026-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, жорий йилда дастур доирасида бюджет тизими маблағлари ҳисобидан 23 триллион 900 миллиард сўм ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, янги объектларни барпо этиш, шунингдек, мавжуд объектларни реконструкция қилиш ва модернизация қилишга йўналтирилган.
Бугунги кунда дастур доирасида 2 мингта объектда қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Биринчи ярим йилликда лойиҳа-қидирув ишлари, қурилиш ва бошқа харажатларни молиялаштириш учун 11 триллион 324 миллиард сўм ўзлаштирилган бўлиб, бу йиллик лимитнинг 40,3 фоизини ташкил этди. Қурилиш-монтаж ишлари ҳажми эса 12 триллион 369 миллиард сўмга етди.
Брифингда қайд этилишича, йилнинг дастлабки олти ойида 195 та объект фойдаланишга топширилди. Улар орасида умумтаълим мактаблари, мактабгача ва олий таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш объектлари, ичимлик ва оқова сув, иссиқлик таъминоти тизимлари, автомобиль йўллари, ирригация ва мелиорация иншоотлари, шунингдек, махсус саноат зоналарининг ташқи инфратузилма объектлари бор.
Таълим соҳасида 6 722 та ўқувчи ўрни ва 1 940 та боғча ўрни яратилди. Соғлиқни сақлаш тизимида эса бир сменада 465 қатновга мўлжалланган амбулатория ва 696 ўринли стационар қувват фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, 61,5 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари, 65,9 километр иссиқлик тармоқлари фойдаланишга топширилди. Сув хўжалиги соҳасида 435,8 километр канал ва 80,1 километр коллектор ишга туширилди.
Брифингда таъкидланганидек, амалга оширилаётган лойиҳалар аҳолининг замонавий инфратузилма билан қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади. Шу билан бирга, вазирлик томонидан дастур доирасидаги лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳамда қурилиш ишларининг бориши юзасидан тизимли мониторинг олиб борилаётгани қайд этилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА