17 мингдан ортиқ ҳолатда карантин қоидалари бузилган
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республикамиз бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ 17 минг 668 ҳолат аниқланган.
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республикамиз бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ 17 минг 668 ҳолат аниқланган.
Энг кўп Тошкент шаҳрида қайд этилган (3073). Фарғона вилоятида 2179, Тошкент вилоятида 1809, Самарқанд вилоятида 1767, Жиззах вилоятида 1350, Наманган вилоятида 1327, Сурхондарё вилоятида 1127, Андижон вилоятида 1065, Қашқадарё вилоятида 1005, Бухоро вилоятида 792, Сирдарё вилоятида 742, Қорақалпоғистон Республикасида 629, Хоразм вилоятида, 526, Навоий вилоятида 257 ҳолат кузатилган.
31 март куни Наманган шаҳар Ирводон маҳалласида яшовчи А.В., Сирдарё вилояти Оқолтин тумани Андижон маҳалласида яшовчи Д.Б. ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Назархон овулида яшовчи У.К. жамоат жойида тиббий ниқобсиз юрганлиги аниқланиб, маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шу куни 11:30 ларда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Каттаполвон маҳалласида яшовчи З.И. карантинга олинган бўлсада, карантин жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетгани аниқланиб, тегишли чора кўрилган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан жорий йилнинг 29-31 март кунлари Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тадбирлар давомида жами 27107 транспорт воситаси текширувдан ўтказилиб, 1912 ҳолатда ҳайдовчилар томонидан турли кўринишдаги қоидабузарликлар содир этилгани аниқланган.
Улардан 766 таси карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлиб, қоидабузарларга тегишли 545 автотранспорт воситаси белгиланган тартибда жарима майдончасига жойлаштирилди.