153-ассамблеяда Қўшилмаслик ҳаракати парламент тармоғининг мувофиқлаштирувчи йиғилиши ўтказилди
Парламентлараро иттифоқ (IPU)нинг Танзания мезбонлик қилаётган 153-ассамблеяси доирасида Қўшилмаслик ҳаракати (ҚҲ) Парламент тармоғининг мувофиқлаштирувчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ПИ президенти сайлови арафасида аъзо давлатлар позицияларини мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Т.Норбоева Саҳиба Гафарованинг парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини қайд этиб, унинг Парламентлараро иттифоқ президенти лавозимига номзодини қўллаб-кувватлашини тасдиқлади.
Мамлакатимизнинг 2027 - 2029 йилларда Тармоққа раислик қилиши муносабати билан ҳамкорликдаги ишларнинг устувор йўналишларига эътибор қаратилди. Булар – қонунчилик тажрибасини алмашиш, ижтимоий ҳимоя, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлашдир.
– Бугунги мураккаб халқаро шароитда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, турли қарашларга қарамай, мулоқотни давом эттириш алоҳида аҳамиятга эга, - деди Т.Норбоева. – Ҳар бир парламент ўз халқи манфаатларини ифода этади. Одамларнинг тинчлик, хавфсизлик ва муносиб ҳаётга бўлган интилишлари эса барчамизни бирлаштиради. Бу тамойиллар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ташқи сиёсатнинг ҳам асосини ташкил этади. Ўзбекистон халқаро майдонда очиқ мулоқот, тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори. Парламентлараро иттифоқнинг Тошкент декларациясида белгиланган йўналишлар асосида ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қонунчилик тажрибасини алмашиш ва қабул қилинган қарорларнинг амалий ижросини таъминлаш борасида ҳамкорликни изчил давом эттирамиз.

Мажлисда Венесуэла, Беларусь, Покистон, Миср, Марокаш ва Танзания вакиллари ҳам сўзга чиқиб, С.Гафаровани қўллаб-қувватлаб, унинг халқаро обрўси ва тажрибасини, иттифоқ фаолиятида адолатли географик вакиллик ҳамда узвийликнинг муҳимлигини таъкидлади.
Йиғилишда номзодлар ўз сайловолди дастурларини тақдим этиб, ташкилотни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини баён қилди.
Озарбайжон Миллий Мажлиси Раиси Соҳиба Гафарова парламент дипломатиясини мустаҳкамлаш, иттифоқнинг БМТ ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш, аъзо давлатларнинг тенг ҳуқуқли иштирокини таъминлаш, барқарор ривожланишни рағбатлантириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда иқлим соҳасида молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни устувор вазифалар сифатида кўрсатди.

Австралия Вакиллар палатаси спикери Милтон Дик демократик институтларни мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек, иттифоқнинг молиявий шаффофлиги ва ҳисобдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратди.
Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари гуруҳи раиси, Чили Сенати аъзоси Рохо Эдвардс Парламентларао иттифоқ бирлигини мустаҳкамлаш, қабул қилинаётган резолюциялар самарадорлигини ошириш, сунъий интеллектни тартибга солиш, парламент аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда хотин-қизлар ва ёшлар иштирокини кенгайтиришни асосий устувор йўналишлар сифатида кўрсатди.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Танзания, Аруша шаҳри.