100 ёшли Маҳбуба она ҳолидан хабар олинди
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан жойларда кекса авлод вакиллари, уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олинмоқда. Уларга ҳурмат-эҳтиром ва эътибор кўрсатилиб, қадрини улуғлашга ҳаракат қилинмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раисининг Ёшлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Нилуфар Маткаримова бошлигидаги партия вакиллари ҳам самарқандлик 100 ёшли Маҳбуба она Рустамова хонадонида бўлдилар.

Маҳбуба она Рустамова суҳбат давомида Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги суронли йиллардаги заҳматларини хотирлаб, меҳмонларга сўзлаб берди. Онахон оғир ва қийин дамларни эсга олар экан, бугунги тинч-осойишта, фаровон ва тўкин ҳаётнинг қадрига етиш зарурлигини билдирди.

Шунингдек, Президентимиз ва ҳукумат томонидан кексаларга, уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибордан мамнун эканлигини самимият билан қайд этди. Маҳбуба она қўлларини дуога очар экан, юрт ободлигию фаровонлиги бардавом бўлишини, фарзандларимиз Ватанга камарбаста бўлиб улғайишини сўраб тилак билдирди.
М.Комилова, ЎзА