100 нафар ёш онколог-жарроҳнинг Франция клиникаларида малака ошириши режалаштирилган
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, бу ерда яратилган шарт-шароитлар ҳамда беморларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати билан танишди.
Шундан сўнг вазир иштирокида марказ Кузатув кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Дастлаб муассаса томонидан 2026 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, бугун ушбу марказ Франциянинг нуфузли “Gustave Roussy” институти билан ҳамкорликда “Gustave Roussy International Uzbekistan” бренди ва халқаро бошқарув асосида фаолият кўрсатмоқда.
Ҳамкорлик доирасида тиббиёт муассасасини бошқаришнинг замонавий стандартлари ва сифат назорати тизими жорий қилинмоқда. Қолаверса, 2030 йилга қадар 100 нафар ёш онколог-жарроҳнинг Франция клиникаларида малака ошириши режалаштирилган.
Йиғилишда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан йўлланма асосида юборилган беморларнинг даволаниш харажатларини қоплаш, соҳани рақамлаштириш, хотин-қизлар онкологик касалликларини назорат қилишни такомиллаштириш ҳамда радиология йўналишида кадрлар тайёрлаш каби қатор долзарб масалалар таҳлил қилинди.
Шунингдек, “Gustave Roussy” институти талаблари асосида беморларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона тартибини жорий этиш, муассаса лабораториясини марказлаштирилган референс лабораторияга айлантириш ва шифохона негизида Миллий референс патоморфология марказини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида Миллий онкологик дори воситаларидан фойдаланиш ва назорат қилиш комиссиясини ташкил этиш бўйича таклифлар ўрганилди.
Йиғилиш якунида марказ фаолияти самарадорлигини янада ошириш, замонавий диагностика ва даволаш усулларини кенг жорий этиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган онкологик тиббий ёрдам сифатини яхшилаш билан боғлиқ устувор вазифалар белгилаб олинди.
М.Қосимова, ЎзА