10 номзоддан 8 нафари ишли бўлди
Сирдарё вилоятида энергетика соҳаси учун малакали кадрлар саралаб олинди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиалида ўтказилган очиқ танлов ва суҳбат натижаларига кўра, энергетика йўналишини тамомлаётган 10 нафар битирувчидан 8 нафари туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналаридаги вакант лавозимларга ишга қабул қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган топшириқлари ижроси доирасида ташкил этилган учрашувда номзодларнинг касбий тайёргарлиги, назарий билимлари, амалий кўникмалари ва соҳада фаолият юритиш салоҳияти атрофлича баҳоланди.
Суҳбатни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали директори Ёдгор Деҳқонов олиб борди. Шунингдек, битирувчиларга тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, электр тармоқлари корхоналарида ёш мутахассислар учун яратилган меҳнат шароитлари, касбий ўсиш имкониятлари ҳамда ишга қабул қилиш тартиблари ҳақида батафсил маълумот берилди.
[gallery-30507]
Танловда иштирок этган ёшлар орасида Жиззах политехника институтининг «Электр энергетикаси» таълим йўналиши битирувчиси Наргиза Зайниддинова ўзининг чуқур назарий билими ва амалий тайёргарлиги билан эътибор қозонди. У Сардоба туман электр таъминоти корхонасига ASKUE оператори лавозимига ишга қабул қилинди.
— Бундай очиқ танловлар бир вақтнинг ўзида икки муҳим вазифани ҳал этади. Биринчидан, битирувчи ёшларни ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминлашга хизмат қилади. Иккинчидан эса энергетика тармоғини билимли, ташаббускор ва рақобатбардош кадрлар билан таъминлаш имконини беради. Бу эса соҳада кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва хизматлар сифатини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга, — дейди филиал директори Ёдгор Деҳқонов.
Қайд этилишича, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиалида таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, иқтидорли битирувчиларни аниқлаш ва уларни ишлаб чиқариш жараёнига жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби учрашув ва очиқ танловлар ёшларнинг бандлигини таъминлаш билан бирга, энергетика тармоғининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА