1 июлдан фуқаролар учун қўшимча ижтимоий кафолатлар кучга киради
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва фуқароларни оғир ҳаётий вазиятларда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги тегишли фармонига мувофиқ давлат ижтимоий суғуртаси тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан проактив тарзда тайинлаш ва тўлаш тизими ишга туширилди. Бунинг учун Ижтимоий суғурта ахборот модули яратилди ҳамда 10 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинди.
Натижада тизим ўз самарадорлигини амалда намоён этмоқда. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида 81 мингдан ортиқ меҳнатга лаёқатсизлик варақаси автоматик тарзда кўриб чиқилди. Шундан 58 минг ҳолат бўйича қарийб 660 миллиард сўм миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тайинланиб, тўлаб берилди.
Айниқса, хусусий секторда меҳнат қилаётган аёлларнинг ижтимоий ҳимояси сезиларли даражада кучайди. Агар 2025 йилда уларга 13,5 миллиард сўм нафақа тўланган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 141,6 миллиард сўмга етди. Бир нафар аёлга тўланадиган ўртача нафақа миқдори эса 2,6 миллион сўмдан 14,8 миллион сўмгача ошди.
Давлат ижтимоий суғуртаси тизимини ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи 2026 йил 1 июлдан бошланади. Эндиликда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, яъни касаллик нафақалари ҳам Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Янги тартибга кўра, бир календарь йилидаги касалликнинг дастлабки беш куни учун нафақа иш берувчи томонидан тўланади. Олтинчи кундан бошлаб эса тўловлар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади. Илгари мазкур харажатлар тўлиқ иш берувчилар зиммасида эди.
Касаллик нафақаси миқдори фуқаронинг суғурта стажига қараб белгиланади. Суғурта стажи 6 ойдан 8 йилгача бўлган фуқароларга ўртача иш ҳақининг 60 фоизи, 8 йилдан ортиқ стажга эга бўлганларга эса 80 фоизи миқдорида нафақа тўланади.
Шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, қарамоғида 18 ёшгача бўлган тўрт нафар ва ундан ортиқ фарзанди бор фуқаролар ҳамда ногиронлиги бўлган фарзандни тарбиялаётган оилалар учун нафақа миқдори қўшимча 20 фоизга оширилади.
Янги тизимда болаларни парвариш қилиш бўйича ҳам қўшимча ижтимоий кафолатлар назарда тутилган. Хусусан, 14 ёшгача бўлган болани парвариш қилиш учун қўшимча 20 календарь кун, 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болани парвариш қилиш учун эса қўшимча 40 календарь кунгача нафақа тўланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги тизимнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – барча жараёнларнинг тўлиқ автоматлаштирилганидир. Фуқаролардан ҳеч қандай ариза ёки қўшимча ҳужжат талаб этилмайди. Электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилиши билан тизим автоматик равишда фуқаронинг расмий бандлиги, суғурта стажи ва даромади ҳақидаги маълумотларни текширади ҳамда нафақани проактив тарзда тайинлайди.
Тўловлар “Baraka” тизими орқали амалга оширилади. Ҳар бир фуқаро учун виртуал карта автоматик равишда очилади ва маблағлар ушбу картага ўтказилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, янги тартиб давлат ва хусусий секторда меҳнат қилаётган, мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олинган барча фуқароларга татбиқ этилади. Бунинг учун камида олти ойлик суғурта стажига эга бўлиш талаб қилинади.
Янги тизим фуқароларнинг касаллик давридаги даромадларини ишончли ҳимоя қилиш, иш берувчиларнинг молиявий юкини камайтириш, расмий бандликни рағбатлантириш ҳамда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мазкур маълумотлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот котиби Дилфуза Рўзметова иштирокидаги брифингда тақдим этилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА