1 августдан давлат ташкилотларида архив ишига оид барча ҳужжатлар фақат электрон шаклда юритилади
"Ўзархив" агентлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги "Давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини электрон шаклда сақлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти ва ягона миллий архив ахборот тизимига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Унда агентлик ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев қуйидагиларни маълум қилди:
– Ушбу қарор мамлакатимизда архив ишини ташкил этиш тизимини тубдан модернизация қилиш, давлат бошқарувида архив ҳужжатларини тўлиқ рақамлаштириш ва ягона электрон платформага ўтказишни назарда тутган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Бу тизимнинг асосий вазифаси давлат органлари ва ташкилотларида шакллантириладиган барча архив ҳужжатларини марказлашган ҳолда электрон шаклда жамлаш, сақлаш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланишни ягона стандарт асосида ташкил этишдан иборат. Шу орқали электрон шаклдаги ҳужжатларнинг тарқоқ ҳолда сақланиши амалиётидан воз кечилиб, барча архив маълумотлари ягона рақамли инфратузилмага бирлаштирилади.
Қарорда белгиланган энг муҳим янгиликлардан бири шуки, 2026 йил 1 августдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида архив ишига оид барча ҳужжатлар ва маълумотлар фақат электрон шаклда ушбу ягона тизим орқали юритилади.
Бу талаб давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларга нисбатан татбиқ этилмайди, яъни бундай маълумотлар алоҳида қонунчилик асосида сақланади.
Янги тизим нафақат архив ҳужжатларини сақлашни, балки давлат органлари ўртасида ахборот алмашинувини ҳам тўлиқ автоматлаштиришни кўзда тутади. Шу мақсадда Ягона миллий архив ахборот тизими “Электрон ҳукумат” инфратузилмаси, “edo.ijro.uz” электрон ҳужжат айланиш тизими, Ягона идентификация тизими (OneID), шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг бошқа ахборот базалари билан интеграция қилинади. Бу эса давлат бошқарувида маълумотларни тезкор алмашиш, ҳужжатларни қайта киритиш жараёнларини қисқартириш ва инсон омилини камайтириш имконини беради.
Қарорга мувофиқ, тизимнинг мулкдори сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги белгиланган бўлса, тизимни жорий этиш, техник хизмат кўрсатиш, узлуксиз ишлашини таъминлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш вазифалари Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази зиммасига юклатилган. Ушбу марказ оператор сифатида тизимнинг техник барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фойдаланувчиларни рўйхатга олиш, уларга техник кўмак кўрсатиш ҳамда тизимни доимий такомиллаштириш билан шуғулланади.
Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари учун ҳам аниқ мажбуриятлар белгиланган. Улар архив ҳужжатларини электрон тизимда шакллантириши, ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасини белгиланган тартибда ишлаб чиқиши ва ҳар йили янгилаб бориши, шунингдек, белгиланган муддатларда ҳужжатларни давлат архивига топшириб бориши шарт этиб белгиланган. Шунингдек, барча ташкилотлар 2026 йил 1 ноябрга қадар оператор билан шартнома тузиб, тизимга уланиши керак бўлади.
Қарорга илова сифатида тасдиқланган Низом эса Ягона миллий архив ахборот тизимида ишлашнинг амалий тартибини белгилайди. Унга кўра, фойдаланувчилар тизимда OneID орқали рўйхатдан ўтади ва электрон рақамли имзо ёрдамида ҳужжатларни шакллантиради. Ҳужжатлар аввалига ташкилотларда ички тартибда тайёрланиб, эксперт комиссияларида кўриб чиқилади, кейин эса тизим орқали келишиш ва тасдиқлаш жараёнларидан ўтади. Шундан сўнг улар электрон шаклда архивга топширилади ва белгиланган муддатларда сақловга қабул қилинади.
Низомда шунингдек, масъул ижрочи, оператор ва фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам аниқ белгилаб берилган. Масъул ижрочи тизимнинг методик ва ташкилий жиҳатдан тўғри юритилишини таъминлайди, оператор техник инфратузилма, хавфсизлик ва узлуксиз ишлаш учун жавоб беради, фойдаланувчилар эса ҳужжатларни тўғри ва ўз вақтида киритиш ҳамда белгиланган қоидаларга риоя қилиш мажбуриятини олади.
Умуман олганда, ушбу қарор мамлакатимизда архив ишини юритиш амалиётида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб беради. Энг муҳими, давлат органларида ҳужжатлар айланмаси тўлиқ рақамлаштирилади, қоғоз шаклидаги ортиқча бюрократик жараёнлар қисқаради, маълумотлар ягона марказлашган тизимда сақланади ва идоралараро интеграция сезиларли даражада кучаяди.
Бу эса давлат бошқарувида самарадорликни оширади, ҳужжатлар сақланишида шаффофликни таъминлайди, ахборот ресурсларидан фойдаланишни енгиллаштиради, идоралараро интеграцияни кучайтиради.
Гулноза Бобоева, ЎзА