1 347 нафар фуқарога кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи берилди
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ва мулкий ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Айниқса, ер ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни қонуний тартибга солиш, йиллар давомида турли сабабларга кўра ечимини кутиб келган масалаларга ҳуқуқий асос яратиш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ер ва кўчмас мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни қонуний асосда ҳал этиш ҳамда бу борадаги муносабатларни тизимли тартибга солишда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлди.
Қонун доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Навоий вилоятида ҳам кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Хатлов жараёнида ер участкалари, уларда жойлашган бино ва иншоотлар, улардан фойдаланиш ҳолати ҳамда мавжуд маълумотлар ўрганилиб, тегишли ахборот тизимларига киритилмоқда.
Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилоят бошқармаси тизимида фаолият юритаётган 76 нафар кадастр муҳандисининг меҳнати натижасида 50 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди.
Бугунги кунга қадар Навоий вилояти бўйича жами 4 386 нафар фуқаронинг кўчмас мулкларига нисбатан ҳуқуқлари эътироф этилган бўлса, яқинда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан “Эътироф” тизимидан ижобий хулоса олган 1 347 нафар фуқарога кўчмас мулкларига эгалик ҳуқуқи берилди.
– Бугунги кунда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар базаси такомиллашиб бораётган бўлса, иккинчи томондан, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари қонуний асосда мустаҳкамланмоқда, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи Элбек Зайниддинов. – Қонуннинг 13-14-моддаларида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган бино ҳамда иншоотларни аниқлаш, шунингдек, автоматлаштирилган ахборот тизимида маълумотлар ва ҳужжатларни йиғиш билан боғлиқ тартиблар белгилаб қўйилган. Шу асосда Навоий вилоятида кадастр органларининг ҳудудий бўлинмалари томонидан хатлов ишлари изчил давом эттирилмоқда. Мутахассислар томонидан белгиланган ҳудудлардаги кўчмас мулк объектлари ўрганилиб, уларнинг амалдаги ҳолати, мавжуд ҳужжатлари ва ҳуқуқий асослари таҳлил қилинмоқда. Хатловнинг ўзи фуқарога автоматик равишда ер ёки мулк ҳуқуқини бермайди. Хатлов натижасида тўпланган маълумотлар қонунчиликда белгиланган кейинги ҳуқуқий жараёнлар учун асос бўлиб хизмат қилади. Қонунда белгиланган шартлар бажарилган тақдирдагина ер участкаси ва унда қурилган бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Фуқароларнинг мазкур жараёнда фаол иштирок этиши муҳим. Кадастр мутахассислари томонидан объект ўрганилаётганда зарур маълумотларни тақдим этиш, кўчмас мулкка оид маълумотларнинг тўғрилигига эътибор қаратиш келгусида ҳуқуқларни қонуний тартибда расмийлаштириш жараёнининг самарали кечишига хизмат қилади. Зеро, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг қонуний эътироф этилиши фақатгина ҳужжатдаги қайд эмас. Бу инсоннинг ўз уй-жойи ва мол-мулкига нисбатан ишончини мустаҳкамлайдиган, унинг мулкий манфаатларини ҳимоя қиладиган муҳим кафолатдир.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири