Ўзбекистонга 1 миллиард 600 миллион доллар сармоя келади
Жаҳон иқтисодиётида юқори мавқега эга бўлган “Mubadala” (Бирлашган Араб Амирликлари) инвестиция холдинги ва мазкур тузилманинг бўлинмаси “Masdar” компанияси мамлакатимиз энергетика секторига йирик миқдорда сармоя киритмоқда.
Жаҳон иқтисодиётида юқори мавқега эга бўлган “Mubadala” (Бирлашган Араб Амирликлари) инвестиция холдинги ва мазкур тузилманинг бўлинмаси “Masdar” компанияси мамлакатимиз энергетика секторига йирик миқдорда сармоя киритмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида манфаатдор томонлар тегишли ҳужжатларни имзолади.
Келишувга кўра, “Masdar” компанияси Навоий вилоятида 400 МВт қувватга эга шамол электр станцияси барпо этиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳани амалга оширади. Мазкур хорижий корхона электростанцияни лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ҳамда лойиҳада кўзда тутилган тўлиқ муддат, яъни 25 йил мобайнида эксплуатацияни амалга ошириш мажбуриятини олади.

Режалаштирилган ишлар учун амирлик компанияси 600 миллион доллардан зиёд сармоя киритади.
Электростанция қурилиши 2020 йилнинг тўртинчи чорагида бошланиб, 2021 йил охиригача ишга туширилади.
Иккинчи битим вазирлик билан “Mubadala” инвестиция компанияси ўртасида имзоланди. Унга кўра, “Толимаржон ИЭС” АЖ ихтиёридаги мавжуд электроблокларни хусусийлаштириш ва янгиларини қуриш бўйича лойиҳа амалга оширилади.
Мамлакатимиздаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлган мазкур объектни янада ривожлантириш, ҳудудда янги электростанциялар бунёд этиш учун БАА инвестициявий холдинги томонидан 1 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб этиш кўзда тутилган.

