Ғўзанинг «Ан-Боёвут» нави парваришланмоқда
Фермер хўжалигимизда 40 гектар майдонда ғўзанинг маҳаллий иқлим шароитига мос «Ан-Боёвут» нави парваришланмоқда.
Фермер хўжалигимизда 40 гектар майдонда ғўзанинг маҳаллий иқлим шароитига мос «Ан-Боёвут» нави парваришланмоқда. Ҳосил тақдири ҳал бўладиган шу кунларда ҳар бир туп ғўзага алоҳида эътибор қаратиб, агротехник тадбирларни амалга оширмоқдамиз.Тўғрисини айтганда, биз чигит экиб, ғўза парваришлашга декабрь-январь ойларидан бошлаб ҳозирлик кўрамиз. Шўрни икки марта «яхоб» билан ювамиз. Бу тупроқда намликни узоқ вақт сақлаш ва мавсумда сувни тежашга хизмат қилади. Жорий йилда маҳаллий ўғитни ғўза қатор ораларига солиб, “шарбат” усулида икки марта суғоришга эришдик.
Ғўзани чопиқ қилиш ҳам кўп меҳнат талаб қилади. Бошқа ҳудудларда экин икки марта чопиқ қилинса, биз ўн марта чопиқ қиламиз. Йўқса, бегона ўт босиб, ерлар қатқалоқ бўлиб, ғўза илдизи ривожига салбий таъсир қилади. Культивацияни ҳам сифатли амалга оширишга алоҳида эътибор қаратдик. Чунки қатор ораларига қанча кўп ишлов берилса, ғўза ниҳоллари шунча баравж ўсади. Шунингдек, чилпиш тадбирини ўз вақтида ва қисқа фурсатда ўтказиш ҳосилдорликни оширишнинг муҳим омилларидандир.
Ғўза касалланишининг олдини олиш, турли зараркунандаларга қарши курашишда биологик усулдан самарали фойдаланамиз. Ғўза зараркунандалари – шира, трипс, ўргимчаккана ва бошқа ҳашаротларга қарши курашишда мутахассислар тавсияларига қатъий амал қилинаётгани, “Бракон”, “Олтинкўз” сингари биомаҳсулотлардан самарали фойдаланилаётгани боис барча майдонларда ниҳоллар бир текис ривожланмоқда.
Ана шундай эътибор ва қулай об-ҳаво туфайли ғўзанинг авжи баланд. Ҳар гектардан камида 35 центнердан ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Зеро, ғўза танасида тўпланган озуқа ҳосилнинг шаклланиши, кўсакларнинг бўлиқ бўлишига хизмат қилади. Галдаги вазифа ҳар бир даланинг ҳолатига қараб, дефолиацияни сифатли ўтказишдан иборат.
Ғўза баргини сунъий тўктиришда асосий эътибор кўсакларнинг очилиш даражасига қаратилади. Бунда эгатдаги намликдан то дефолиантларнинг ғўза навига таъсиригача ҳисобга олиниши лозим. Ҳар тупда ўртача 50-55 фоиз кўсак очилган бўлса, дефолиацияни бошлаш мумкин. Бу иш кечикса, йиғим-терим муддати чўзилиб, ҳосил сифатига путур етади.
Дефолиация тез ва сифатли ўтказилса, 15 кун ичида кўсакларнинг 85-90 фоизи очилади. Бу ҳосилнинг юқори навда бўлишини таъминлайди. Шу боис ҳар бир кунни ғанимат билиб, ҳосил салмоғини оширишга интилмоқдамиз.
Туманимиздаги бошқа фермер хўжаликларида ҳам ҳосилга ҳосил қўшиш ишлари қизғин давом этмоқда. Далада меҳнат қилаётган ишчилар учун барча шароит яратилган. Буларнинг барчаси улкан хирмон яратиш учун пухта замин бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Дилфуза Абдусатторова,
Сирдарё вилояти Сардоба
туманидаги «Сеҳрли сайқал макони»
фермер хўжалиги раҳбари.