“Ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”...
Тил нафақат инсон ҳаётида, балки борлиқ олам учун энг зарур, ҳаётий мулоқот воситасидир.
21 октябрь – “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун
Тил нафақат инсон ҳаётида, балки борлиқ олам учун энг зарур, ҳаётий мулоқот воситасидир. Табиатда қушу тошнинг ҳам, япроғу тоғнинг ҳам, дарёю ҳайвонот оламининг ҳам ўзаро мулоқотга кириша оладиган ўзига хос “тил”и бор.
Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда “коинот гултожи” бўлган инсонгина тилга нафақат мулоқот воситаси, балки “миллатнинг руҳи, тимсоли, қиёфаси, ойинаси”, “мустақиллик рамзи”, “озодлик тимсоли”, “тафаккур хазинаси”, “маънавият белгиси”, “миллий бойлик”, “кўнгил мулкининг гавҳари” деб қарайди, “она тилим” деб эъзозлайди.
Мана, ўттиз йилдан ошди, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимизнинг жипслиги, маданияти, маънавиятининг асосий белгиси сифатида энг муқаддас тимсолларимиздан бирига айланди. Тил халқни, халқимиз ўз тилини эъзозлади, улуғлади. Сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, маънавият соҳасида ўзбек тилининг салоҳияти кучайди, дунёдаги энг бой, гўзал тиллардан бирига айланди. Ўзбек тилида ёзилган қадим ва бой маданий, тарихий, адабий меросларимиз қайта нашр этилди, китоб жавонларимиздан муносиб жой олди.
Жорий йил ўзбек тили тарихидаги энг ёрқин давр сифатида хотирамизда муҳрланиб қолади. Биринчидан, 10 апрель куни Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни имзоланди. Унга кўра, 21 октябрь санаси юртимизда "Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Дунёдаги ўз тили байрамини нишонлайдиган хитой, испан, форс, рус, озарбайжон, турк, араб, итальянлар қаторида биз ҳам ўз она тилимиз қабул қилинган кунни қонуний байрам сифатида нишонлаймиз. Бу тарихий воқеа мамлакатимизда она тилига бўлган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг изчил давоми бўлиб, тилимизни асраш, унинг поклиги ва ўзига хослигини сақлаш, янада бойитиш ва ривожлантириш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири сифатида қадрлидир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясида иштирок этиб, минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини ўзбек тилида аниқ ва теран ёритиб берди. Жаҳон минбарида илк маротаба янграган ўзбекона лутф ва мушоҳадалар нафақат юртдошларимиз, балки ер юзидаги ўзбек тилида сўзлашадиган 50 миллионга яқин тилдошларимиз ғурурини сарбаланд қилди, фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди.
Тил – бойлик
Бойлик кўз қорачиғидай асралади, авайланади. Бегона назардан ҳимоя қилинади, эҳтиётланади. Она тилимиз ҳам миллатимизнинг тарихий, маънавий-маданий қиёфасини ўзида ифодаловчи беқиёс бойлигидир. Тилнинг асосий бойлиги сўз ҳисобланиб, Маҳмуд Кошғарий, Маҳмуд Замахшарий, Толе Имон Ҳиравий, Муҳаммад Ёқуб Чингий, Муҳаммад Ризо Хоксор, Мирзо Маҳдийхон, Сулаймон Бухорий каби алломалар ҳам ўзбек тилининг сўз имкониятлари, луғат бойлиги юзасидан кўплаб асарлар ёзиб қолдиришган. 1981 йилда чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га 60 минг сўз киритилган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида чоп этилган луғат китобида эса 80 мингдан ортиқ сўз изоҳланди.
Тилшуносларимизнинг фикрига кўра, ҳозирги ўзгаришлар, янгиланишлар, шунингдек, шевага хос сўзлар, айниқса, фольклор, мумтоз адабиётимиз ва тарихий битикларда сақланиб қолган сўзлар ҳам ўрганилса, киритилса, луғат бойлигимиз 150-160 минг сўздан ошиши мумкин экан. Бу эса тилшунос, адабиётшуносларимиздан изланишни, илмий тадқиқни талаб этади.
Демак, дунёдаги бой тиллар қаторига кирадиган она тилимиз софлигини сақлаш, унинг шаъни, қадр-қиммати, обрўси учун курашиш ҳар бир инсоннинг фаол фуқаролик бурчидир. Бу бурч, айниқса, бугунги кунда тобора авж олаётган миграция ва глобаллашув жараёнларида ниҳоятда аҳамиятлидир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, муайян тил яшаб қолиши учун камида 100-250 мингга яқин сўзлашувчиси бўлиши керак экан. Тилнинг йўқолиб кетишига қадимда асосан турли босқинлар (баъзан атайлаб қилинган сиёсатлар) сабаб бўлган. Бугунги кунда эса глобаллашув давридаги турли тиллар қоришиши, иккинчи тил сифатида сояда қолиши, бошқа тилларни ўзлаштиришга ружу қўйилиши билан боғлиқдир. (Зеро, хорижий тилларни ўрганиш ҳеч қачон ўз она тилини эсдан чиқариш эвазига бўлмаслиги зарур!).
Тарихимиз қатларида ўзбек тилини атайлаб сиқиб чиқаришга уриниш орқали миллий хотира, қадрият ва ўзлигимизни йўқотишга бўлган чин маънодаги курашлар бўлган. Бунга қадимдан ва яқин ўтмишимиздан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Айниқса, бу каби скобелевча ҳаракатга шўро ҳукумати қарийб 70 йил давомида қаттиқ амал қилди, тилимиз таҳқирланди, катта-катта йиғинлар ўзга тилда олиб борилди. Шу сабабли ҳам 1989 йил 21 октябрда ҳали давлат мустақиллиги эълон қилинмасдан туриб тилимизга давлат тили мақоми берилиши энг катта тарихий воқеа бўлди. Аслида, аҳолининг 90 фоизга яқини бир тилда сўзлашса, табиий равишда расмий тил ҳисобланиб кетилаверган. Масалан, Японияда давлат тили қонуни қабул қилинмаган, чунки япон тили мамлакатнинг ҳам давлат тили, ҳам миллий тили, ҳам расмий тилидир. Худди шу каби Швеция, Норвегия, Англия, Канада, Хитой, АҚШ каби кўпчилик мамлакатларда ҳеч қайси тил давлат тили, деб эълон қилинмаган экан.
Мамлакатнинг тарихий шароитидан келиб чиқиб, аҳолининг кўпчилигини ташкил қилувчиларнинг тили давлат тили, расмий тил деб тан олинган. Шу ўринда яна бир бор алоҳида таъкидлаш керакки, тил – гўё яхлит организмга ўхшайди, сўзлашувчи тўхтатган куни у тўхтайди. Сўзлашувчи қанчалик меҳр билан асраб-авайласа у ҳам бой имкониятларини ишга солади. Тилни қанча кўкка кўтарса, у сўзловчини ўн чандон кўкка кўтаради. Биргина ҳазрат Навоий мисолида қарасак, ўзбек тилини улуғлаб, ардоқлаб, унинг кенг имкониятларини исботлаган. “Айтиб совумас таронасен сен. Олиб қуримас хизонасен сен”, дея жаҳонга тараннум этган. Сўз денгизидан 26 мингдан ошиғини заргарона қўллаган алломани бу тил мана, қарийб 600 йилдан буён эъзозлаб, эҳтиром айлаб, энг гўзал таърифу таснифлар билан сийлаб, авлоддан-авлодга олиб ўтяпти.
“Чезбургер”дан “супермаркет”гача...
Тил учун курашишга, унинг қадру қимматини ўз ўрнига қўйишга мажбур бўлган миллатмиз. Энг ачинарлиси, ҳозир “ўтган замондаги каби” деб айтадиган баҳонамиз йўқ ҳолатдаям тилимизнинг софлиги учун курашишга мажбурмиз. Энг алам қиладигани ҳам шу. Негаки, бугун истаган шаҳар кўчаларини айлансангиз, дўкону турли хизмат кўрсатиш пештоқларида ажнабий номлар, реклама ва эълонларни кўриб хафа бўласиз. Жамоат жойлари, кўчалар, ташкилот ва муассасалар, маиший хизмат объектларининг фасад қисмларидаги тарғибот воситалари кўп ҳолларда асоссиз равишда рус, инглиз ва бошқа тилларда ёзилиб, ўрнатилаётганлиги ҳолатлари мавжуд. Масалан, савдо дўконлари, гўзаллик салонлари, бозорлар, кафеларга “Рафаэлло”, “Бюти Ламур”, “Берлют”, “Миранда”, “Элза”, “Гранд”, “Детская одежда”, “Декамерон”, “Салватини”, “Арбат”, “LADY салон красоты”, ”Солнышка”, “Moscov cafe”, “VERSAL”, “Dubay”, “THE PERFUME Shop” каби номлар қўйилган.
На амалдаги қонунларга, на миллий маданиятимизга тўғри келмайдиган бу каби номларни кўриб, таъбимиз тирриқ бўлди, дейишдан амалий ишга ўтиш вақти келди, деб ўйлайман. Чунки ном қўйиш ҳам жуда масъулиятли жараён, алоҳида соҳа – нейминг, брендология. Жимжимадор сўз ёки хорижий атама топиб қўйишнинг ўзи етарли эмас. Бу хизматлар нейминг (ном қўйиш) соҳасига оид муҳим қоидаларга таянган ҳолда фирма йўналиши ва маҳсулотига монанд ном танлашга ёрдам беради.
Ҳар бир худудда ном қўйиш хизмати фаолиятини йўлга қўйиш керак. Биринчидан, миллий маънавиятимизга зид алмойи-жалмойи номлардан қутиламиз. Иккинчидан, тадбиркорларимизга корхона ёки фирма номларини қўйишда жаҳон андозаларига мос ва хос иш кўришларига кўмаклашган бўламиз. Чунки тадбиркорликда ном ҳам муваффақият омилларидан бири ҳисобланади.
Демак, ном танлашда, биринчи навбатда, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонуни меъёрларига таяниш лозим. Шунингдек, талаффузи осон ва қисқа, тез хотиралаб қолинадиган, такрор бўлмаган, ҳудуднинг миллий хусусиятини акс эттирадиган, жарангдор, ҳамма учун тушунарли бўлган ва энг муҳими, корхона (ёки маҳсулот) ҳақидаги дастлабки маълумотни берадиган ном танлаш мақсадга мувофиқ. Бу, албатта, мураккаб жараён.
Ҳар қадамимизда дуч келаётган “GANGA”, “Х” файл” , “Бээр хауз”, “Синбад”, “Заринка” “Cotton Club”, “Мона Лиза”,“Элегант”, “Астория”, “KARBELLA”, “Агора”, “ART STYLE” каби номларда ушбу тамойилларга қай даражада риоя этилганига ўзингиз баҳо беринг. Уларнинг маънолари билан қизиқиб кўрдик, “ART STYLE”ни таржима қилиб кўрайлик, “art” – санъат , “style” – услуб, демак, “Санъат услуби”, ”Агора” – қадимги Грецияда турли йиғилишлар ўтказиладиган жой, “Астория”, “KARBELLA” – АҚШдаги турар жой номлари, “Бээр хауз” – пиволар уйи... Наҳотки, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да жамланган 80 минг сўздан муносибини излаб топишга вақтимиз йўқ?!
Албатта, тадбиркор – эркин инсон, истаган номни танлаш ҳуқуқига эга. Лекин бу бир томонлама ёндашув. Ном – бу реклама. Ном – бу тарғибот. Ном – мафкура полигонларида кечаётган ғоялар курашининг бир услуби. Унга кунига минглаб одамларнинг кўзи тушади. Минглаб хонадонларга кириб боради. Ёшларнинг онгига сингийди. Чалғитади. Зеро, тилни кўзлаган ўқнинг нишони – руҳ ва тафаккурдир. Бу каби кўплаб эътирозларни билдириш мумкин.
Биттасини – ўз она тилига эътиборсизликни тарғиб қилади, деган эътирозни қолдирсак ҳам энг катта айбда тўхталган бўламиз. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлагани каби, “давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.
Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак”.
Мангу қадрият шарафи
Тил миллатдан айро ҳодиса эмас. Миллатнинг асосий кўрсаткичи тил бўлгани каби, тил ҳам ўз миллати билан тирикдир. Унинг яшовчанлиги, ривожланиши, такомили истеъмолчисининг меҳру маданиятига, муносабатига боғлиқ. Бўлмаса у ёки бу сабаблар билан шу даврга қадар инсоният тарихида 9 мингдан ортиқ тил йўқолиб кетармиди!.
Олимларнинг маълумотига кўра, қадимги юнон, оромий, лотин, санскрит, ведий, ассурий, қадимги форс тилларининг бугунги кунда истеъмолчилари йўқ. ЮНЕСКОнинг маълумотига кўра, бугунги кунда бир ҳафта ичида битта тилнинг йўқолиш хавфи мавжуд. Шу каби ҳозирги пайтда 357 тилдан бор-йўғи 50 нафар киши, 46 тилдан эса атиги бир киши фойдаланар экан. АҚШнинг Сиу ҳинд қабиласидан катоуба тилини биладиган энг сўнгги вакили 1996 йилда вафот этган. 1996-2000 йилларда ЮНЕСКО томонидан “Дунёда йўқолиш хавфида турган тиллар атласи” (“Атлас мировых языков, находящихся под угрозой исчезновения”) яратилиб, унда бугунги кунда Европада 50 та, Сибирда 40 та тил ҳамда энг хавфли ҳолатда турган Америка ва Австралия қитъаларида 1000 га яқин, Африка қитьасининг 1500 та тилларидан 600 таси йўқолиш арафасида экани, 250 таси ўлик тиллар қаторига кирганлиги айтилган.
Глобал масалалар таркибига кирган ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида БМТ 1993 йилда Вена декларациясини қабул қилди. Ушбу декларациянинг 19-моддасида “барча миллат ва элатларнинг ўз миллий тилларидан фойдаланиш” ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, 2000 йили ЮНЕСКО томонидан 21 февраль – Халқаро она тили куни деб эълон қилинди. Шу каби саъй-ҳаракатлар натижасида йўқолиш арафасида турган айрим тилларга қайта “ҳаёт" бахш этилди. Жумладан, Япониянинг Хоккайдо оролида ўтган асрнинг 80-йилларида бор-йўғи 8 киши сўзлашган айн тилининг истеъмолчилари бугун бир неча минг кишидан ошиб кетган...
Дунёда 6 мингга яқин тил ва шева бўлса, улардан бор-йўғи 100 га яқини давлат тили мақомига эга экан. Ана шундай нуфузли тиллардан бири ўзбек тилидир. Она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни, шунингдек, биз билан аҳил-иноқ яшаётган юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган, бирлаштирадиган дўстлик ва меҳр-оқибат риштасига айланди, эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этишда яловбардор бўлмоқда.
Ҳа, тил инсоният тарихидаги энг буюк кашфиёт бўлиши билан бирга буюк имконият ҳамдир. Унинг тараққиёти – мансуб халқ маънавиятининг, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ривожланишининг ифодасидир. Зеро, маърифатпарвар аллома Исҳоқхон Ибрат айтганидек, “ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.