“Ёш сайловчи – 2019” ёшлар форуми
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши ва вилоят сайлов комиссияси ҳамкорлигида “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” тадбирлари доирасида ташкил қилинган “Ёш сайловчи – 2019” форуми ўзининг мақсади ва мазмун-моҳияти жиҳатидан аҳамиятга молик тадбирлардан бири бўлди.
Сайлов – 2019
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, шаҳар ҳамда туман Кенгашларига сайловларга тайёргарлик жараёнида сайловларнинг демократик тамойиллар асосида юқори савияда ўтишини таъминлаш мақсадида фуқаролар, хусусан, ёшларнинг сайлов қонунчилиги борасида билим ва тушунчаларини ошириш, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши ва вилоят сайлов комиссияси ҳамкорлигида “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” тадбирлари доирасида ташкил қилинган “Ёш сайловчи – 2019” форуми ўзининг мақсади ва мазмун-моҳияти жиҳатидан аҳамиятга молик тадбирлардан бири бўлди.
Форумга ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг етакчилари ва фаоллари, сиёсий партияларнинг “Ёшлар қаноти” аъзолари, умумтаълим мактаблари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, олий ва ўрта махсус билим юртлари талабалари таклиф этилди.
– Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад сайловчиларининг ҳуқуқий билимини янада юксалтириш ва сайлов маданиятини оширишдир, – деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши раиси А.Мўминов. – Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда ёш тарғиботчилардан фойдаланиш, айниқса, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онгини шакллантиришда катта роль ўйнайди.
Тадбир аввалида вилоят сайлов комиссияси раиси Ш.Мирзаҳмедов сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Вилоят ҳудудида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 13 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, шаҳар ва туманлар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 357 та сайлов округи Марказий сайлов комиссиясининг тадбирлар дастурида белгиланган муддатларда тузилди ва матбуотда эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига шаҳар ва туманлар чегараларини инобатга олган ҳолда Наманган шаҳрида 2 та, қолган туманларда 1 тадан сайлов округлари тузилди. Округлар сайловчилар учун барча қулайликка эга бўлган замонавий, кўркам биноларда, жумладан, 8 та сайлов округи маданият ва аҳоли дам олиш масканларида, 2 та сайлов округи бандликка кўмаклашиш марказида, 1 та сайлов округи олий ўқув юртида, 2 таси коллежларда жойлаштирилди.
Вилоят сайлов комиссиясининг ва халқаро матбуот марказининг Наманган вилоят бўлими шаҳар марказидаги ёшлар иттифоқи биносига жойлаштирилиб, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча зарур шароит яратилди. Сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкора ёритилишини таъминлаш ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига қулайликлар яратиш мақсадида катта ва кичик мажлислар заллари интернет тармоғига уланган 40 та компьютер тўплами, Wi-Fi зоналари, 5х4 ҳажмдаги монитор ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозланди.
Шундан сўнг форум кун тартибига мувофиқ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, вилоят адлия бошқармаси, ёшлар ташкилоти вилоят кенгаши ҳамда вилоят сайлов комиссияси масъул ходимларининг парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда ёшларнинг иштироки, адлия органлари томонидан сайлов қонунчилиги тарғиботини ташкил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти ва сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, сайлов жараёнларини ёритишда оммавий ахборот воситалари, сайлов комиссиялари ва сиёсий партияларнинг ҳамкорлигига доир мавзулардаги маърузалари тингланди.
Сайлов қонунчилиги бўйича ўтказилган викторина ёшлар учун сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш устида изланишларга рағбатлантирувчи муҳим омил бўлди. Викторина саволларига энг кўп тўғри жавоб бериб, ғолиб деб топилган Уйчи туманидаги 19-умумтаълим мактаби ёшлар ташкилоти етакчиси Н.Нуриддинов ҳамда Наманган туманидаги 5-умумтаълим мактабининг ёшлар ташкилоти етакчиси Д.Полвонова Самарқанд шаҳрига саёҳат йўлланмаси билан тақдирланди.
Форум доирасида сайлов қонунчилиги бўйича вилоятнинг учта ҳудудида туманлараро семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди.