Қўшиқлари дилга кўчган хонанда
Пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида қозоғистонлик таниқли хонанда Роза Римбаева иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Ўзбекистонда Қозоғистон йили
Пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида қозоғистонлик таниқли хонанда Роза Римбаева иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Қозоғистон кунлари ранг-баранг маданий-маърифий, сайёҳликка доир тадбирлар, концертлар, кўргазмалар, ижодкорларнинг учрашувлари, тақдимотларга бой бўлмоқда. Айни пайтда бу йўналишдаги маърифий лойиҳалар икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик, аҳиллик, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Роза Римбаеванинг қўшиқлари дилга ғоят яқин. Бунинг сабаби хонанда чин кўнгилдан, самимий, соф туйғулар, одамийлик, тоза муҳаббат, меҳр ва садоқат ҳақида астойдил куйлашида бўлса, ажаб эмас.
Маълумотларга кўра, у илк бор фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 30 йиллигига бағишланган тантанада қатнашиб, ҳам мусиқа оламининг дарғалари, ҳам мухлислар эътиборига тушган. Ўшанда унинг истеъдодини сезган "Гульдер" ёшлар-эстрада ансамбли дирижёри Таскин Окапов хонандани мазкур ансамблга таклиф этганди.
Хонандага чин машҳурлик 1977 йили Болгарияда бўлиб ўтган "Олтин Орфей" фестивалида "Алия" номли қўшиқни ижро этгандан сўнг келганди. 1977-1979 йилларда Р.Римбаева "Йил қўшиғи" мусиқий лойиҳаларида катта муваффақият билан иштирок этди. 1978 йилда эса юксак ижроси боис "Овозли йўлакча" хит-парадида Алла Пугачёва, София Ротару сингари хонандалардан кейин учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Роза Римбаева 1979 йилдан то ҳозирги вақтга қадар "Қозоқконцерт" республика концерт бирлашмасида ижод қилиши билан бирга, Т.Жургенов номидаги Қозоғистон санъат академиясида ўқитувчи бўлиб ишламоқда.
2012 йилда хонанда Япония, Россия, Туркия, Беларусда катта концерт сафари – турнеда иштирок этган. 2017 йили эса таваллудининг 60 йиллигига бағишлаб Нур-Султон шаҳрида катта концерти бўлиб ўтди.
...Залворли, бетакрор овоз соҳибаси куйламоқда. Мухлислар ўзлари учун қадрдон бўлиб қолган жонажон юрт, инсонийлик, одамгарчилик, муҳаббат, ҳалоллик ҳақидаги қўшиқларни берилиб тинглайди. Жонли ижродаги, самимиятга йўғрилган концерт дастури ўзбекистонлик мухлисларга ғоят манзур бўлди.


