Зиёлилар жамияти тараққиётнинг муҳим таянчи
Бухорода “Ўзбекистон зиёлилари кенгаши”нинг “Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи” шиори остида вилоят ҳудудий йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Мазкур тадбир мамлакатимизда илм-фан, таълим, маънавият ва маърифатни ривожлантириш, зиёлиларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва масъулиятини янада оширишга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида инсон қадри, илм-маърифат, юксак маънавият ва интеллектуал салоҳиятни юксалтириш устувор йўналишлардан бирига айланди. Зеро, мамлакат тараққиёти фақат иқтисодий кўрсаткичлар ёки бунёдкорлик ишлари билан эмас, балки жамиятнинг билим даражаси, тафаккури, маънавий қиёфаси ва келажакка дахлдорлик ҳисси билан ҳам белгиланади. Бу жараёнда зиёлиларнинг ўрни ва сўзи алоҳида аҳамиятга эга.
Йиғилишда илм-фан, таълим, тиббиёт, адабиёт, санъат ва маданият соҳаларида фаолият юритаётган таниқли олимлар, ижодкорлар, зиёлилар, жамоатчилик вакиллари ҳамда фаол ёшлар иштирок этмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Эркин Гадоев, сиёсий фанлар номзоди Нарзулло Жўраев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари Зоҳид Тўрақулов ҳамда бошқа меҳмонлар маърузалари билан иштирок этишиб, бугунги мураккаб ва шиддатли даврда зиёлилар зиммасида турган устувор вазифалар, жамият тараққиётида маънавият ва маърифатнинг ўрни хусусида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Муҳокамаларда мамлакат тараққиётида зиёлиларнинг ижтимоий масъулиятини кучайтириш, илм-фан ва таълим сифатини ошириш, маънавий-маърифий муҳитни соғломлаштириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳам кенгашнинг шўъба йиғилишларида қатнашиб, соҳа вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилди. Учрашувларда зиёлиларнинг таклиф ва ташаббуслари, ҳудудда илм-фан, таълим, маданият ҳамда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантириш борасидаги қарашлари тингланди.
[gallery-32438]
Мулоқотлар давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса, ёш авлодга содда, ҳаётий мисоллар ва таъсирчан усуллар орқали етказиш муҳимлиги таъкидланди. Зеро, ислоҳотларнинг самараси нафақат уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, балки ҳар бир инсон уларнинг мазмун-моҳиятини англаши, натижаларини ҳис қилиши ва бу жараёнда ўзини дахлдор деб билиши билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Шу маънода, зиёлиларнинг жамоатчилик билан мулоқотини кучайтириш, уларнинг бой билим ва ҳаётий тажрибасини жамият манфаатларига йўналтириш, ёшларда ватанпарварлик, миллий ғурур, фуқаролик масъулияти ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш долзарб вазифа сифатида қайд этилди.
Дарҳақиқат, зиёли — фақат ўз соҳасининг билимдони эмас. У жамиятда фикр уйғотувчи, эзгуликка чорловчи, маънавий мезонларни мустаҳкамловчи ва ёш авлодга ҳаёт мактабини кўрсатувчи шахсдир. Унинг сўзи, шахсий намунаси ва фуқаролик позицияси жамиятдаги ўзгаришларга бевосита таъсир кўрсата олади. Шу боис бугун зиёлилардан нафақат касбий ютуқлар, балки ижтимоий фаоллик, ташаббускорлик ва замон билан ҳамнафаслик ҳам талаб этилмоқда. Айниқса, ахборот оқими тобора кучайиб, турли ғоялар ва қарашлар тўқнаш келаётган бугунги шароитда ёшларни мустақил фикрлайдиган, миллий қадриятларга содиқ, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган етук инсонлар этиб тарбиялашда зиёлиларнинг масъулияти янада ортиб бормоқда.
Бухорода ўтаётган ҳудудий йиғилиш ҳам ана шу мақсадлар йўлидаги муҳим мулоқот майдони бўлиб, унда билдирилаётган фикр ва таклифлар, илгари сурилаётган ташаббуслар вилоятда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга олиб чиқиш, зиёлилар ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш ҳамда жамият тараққиётига хизмат қиладиган янги ғояларни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (суратлар), ЎзА мухбирлари