Жиззах ширинликлари хорижга
Жиззах шаҳридаги “Бону ширинликлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Deya” бренди остида ишлаб чиқарилаётган 50 дан ортиқ турдаги қандолат маҳсулотлари Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистонга экспорт қилинмоқда.
Жиззах шаҳридаги “Бону ширинликлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Deya” бренди остида ишлаб чиқарилаётган 50 дан ортиқ турдаги қандолат маҳсулотлари Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистонга экспорт қилинмоқда.Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхона йилига 3 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. 2014 йилда Халқ банкининг 2,2 миллиард сўм маблағи эвазига хориждан келтирилган замонавий технологиялар билан қайта жиҳозланган корхонада ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. Ўша йили 4 миллиард сўмлик, 2015 йилда 6,5 миллиард сўмлик, 2016 йилда эса 15 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобидан кейинги икки йилда қўшимча 60 иш ўрни яратилди. Айни пайтда корхонада 150 киши меҳнат қилмоқда. Ҳудуддаги касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар замонавий технологияларни пухта ўзлаштириб, экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқармоқда.
Айни пайтда корхона жамоаси хориждан шоколад ва вафли ишлаб чиқариш технологияларини келтириб, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш устида иш олиб бормоқда.
– Янги технологик линияда соатига 400 килограмм шоколад, 200 килограмм вафли тайёрланади, – дейди корхона бош ҳисобчиси Бобур Исроилов. – Бу жаҳоннинг илғор корхоналаридаги каби сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятини беради. Энг муҳими, шундай маҳсулотларни юртимизга импорт қилиш ҳажмини қисқартиради. Янги линияларни жорий йилнинг тўртинчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 50 фоизи экспорт қилинади.