Жараён саккиз кунга қисқарди
Миллий матбуот марказида “Давлат молиясини ислоҳ қилишнинг ғазначилик тизими. Давлат бюджетининг ғазна ижроси, асосий вазифалар ва ривожлантириш истиқболлари” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида “Давлат молиясини ислоҳ қилишнинг ғазначилик тизими. Давлат бюджетининг ғазна ижроси, асосий вазифалар ва ривожлантириш истиқболлари” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.Ўзбекистон Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида Давлат бюджети маблағларини бошқариш, мақсадли фойдаланиш, харажатларни молиялаштиришда янгича механизмлар ва услубларни жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилганлиги, халқаро стандартларга жавоб берадиган, ривожланган мамлакатлар молия тизимининг илғор тажрибасини ўзида мужассам этган миллий ғазначилик тизими яратилганлиги таъкидланди.
Мамлакатимизда Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимига ўтилиши бюджет маблағларини мақсадли йўналтириш устидан назорат механизмини яратишда қўл келмоқда.
– Ғазначилик тизими самарадорлиги 2005 йилда Самарқанд ва Тайлоқ туманларида ўтказилган синовларда исботланди, – дейди Ўзбекистон Молия вазирлиги Ғазначилиги бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилшод Пўлатов. – Шунга қадар бюджет ташкилотларининг маблағлари банкдаги ҳисобрақамларда тарқоқ ҳолда бўлиб, маошлар ёки маҳсулот етказиб берувчига маблағ етиб боргунча 8-10 кун ўтарди. Энди бунга барҳам берилиб, эскириб қолган ва самарасиз ҳисобланган механизмлар бекор қилинди. Тижорат банкларининг ҳисобрақамларида кўплаб миқдорда тўпланиб ётган бюджет маблағлари Ягона ғазна ҳисобварағига жамланди. Бунинг эвазига тўловларни амалга ошириш, жумладан, иш ҳақини тўлаш муддатлари қисқариб, бюджет маблағларининг айланиш тезлиги ошди.
2012 йилдан тизимга Ягона ғазна ҳисобварағи орқали харажатларни амалга ошириш ҳамда дастлабки ва жорий назорат механизми жорий этилди. Шунингдек, бюджет ташкилотлари билан товар етказиб берувчилар ўртасида тузилган шартномаларни харажатлар сметаси доирасида, белгиланган мақсадларга йўналтирилиши устидан қатъий назорат тизими ўрнатилди.
2007-2015 йиллар давомида соҳада қабул қилинган етмишдан ортиқ норматив ҳужжатлар ўз самарасини бермоқда. Эндиликда Ўзбекистонга келаётган барча турдаги, жумладан, номоддий шаклдаги мурувват ёрдами ва техникавий кўмаклашиш воситаларининг тизимли ҳисоб-китобини юритиш, божхона тўловлари бўйича тушумларни ғазначилик ҳисобварағига қабул қилиш, вазирликлар ва идораларнинг барча бюджетдан ташқари жамғармаларига ғазначилик ижроси тартиби жорий этилди. Ўтган йилларда маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши 2 триллион 590 миллиардга, кредитор қарздорлик вужудга келиши 1 триллион сўмдан кўпга қисқарди.
Матбуот анжуманида Ғазначилик тизимида давлат молиясини бошқаришнинг ягона ахборот тизимини жорий этиш, халқаро стандартларга таянган ҳолда давлат сектори учун бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини ишлаб чиқиш ва бошқа тадбирлар режалаштирилаётгани маълум қилинди.