Жамоат транспорти: муаммо ва ечим
Наманган вилояти мамлакатимизда аҳоли сони жиҳатидан олтинчи, Наманган шаҳри эса Тошкент ва Самарқанддан кейин учинчи, аҳоли зичлиги жиҳатидан ҳам олдинги ўринларда турадиган маъмурий-географик ҳудуд ҳисобланади.
Наманган вилояти мамлакатимизда аҳоли сони жиҳатидан олтинчи, Наманган шаҳри эса Тошкент ва Самарқанддан кейин учинчи, аҳоли зичлиги жиҳатидан ҳам олдинги ўринларда турадиган маъмурий-географик ҳудуд ҳисобланади.
Шу боисдан вилоятда сифатли жамоат транспорти хизмати кўрсатиш маҳаллий ҳокимлик ва мутасадди ташкилотларнинг кун тартибидан тушмай келаётган долзарб вазифалардан биридир. Таъкидлаш жоизки, бу борада ҳали муаммолар кўп. Хўш, ушбу муаммолар нималардан иборат ва уларнинг ечими бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?
– Жамоат транспорти хизмати кўрсатиш борасидаги муаммолар кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас, – дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи А.Абдулҳодиев. – Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида тизим бутунлай пароканда бўлди. Соҳа узоқ йиллар ўз ҳолига ташлаб қўйилди, катта маблағ билан боғлиқ бўлгани учун уни тиклаш йўлидаги уринишлар натижасиз қолаверди. Жумладан, вилоятимизда ҳам мавжуд автосаройлар инқирозга учраб, хизматини ўтаб бўлган, ҳар жиҳатдан эскирган автобус, микроавтобус ва енгил машиналар, шаҳар ҳамда туманлараро шохбекатлар, ички бекатлар йўқолиб кетди. Йўловчи ташиш билан асосан хусусий транспорти бор, хусусан, “Дамас” эгалари каби якка тартибдаги хусусий субъектлар шуғулланиб келди ва бугунги кунда ҳам уларнинг улуши кўплигича қолмоқда.
Кейинги йилларда бу масалага давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қарата бошлади. Масала ҳукумат даражасига чиқди. Бу борада 2017 йилда Президентимизнинг соҳани тиклаш юзасидан тўртта қарори қабул қилинди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 февралдаги “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Транспорт вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори соҳада туб бурилиш даврини бошлаб берди. Ҳозирда ушбу ҳужжатлар асосида аҳолига сифатли ва хавфсиз жамоат транспорти кўрсатиш тизимини ривожлантириш бўйича босқичма-босқич иш олиб борилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, вилоятда аҳолига сифатли ва хавфсиз жамоат транспорти хизмати кўрсатилиши бўйича асосий муаммолардан бири бу – автобус, микроавтобус сингари махсус транспорт воситаларининг етишмаслигидир. Ҳозирги кунда вилоятда 223 корхона йўловчи ташиш йўналишида фаолият кўрсатмоқда. Бироқ улар тасарруфидаги 350 автобус, 55 микроавтобус ва 6 минг 741 йўналишли ва йўналишсиз енгил автотранспорт воситаси аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш бўйича талаб ва эҳтиёжни тўла қондира олмаяпти.
– Бугун Наманган шаҳридан туманлар марказларига мунтазам қатновларни йўлга қўйиш учун камида 70 автобус етишмайди, – дейди А.Абдулҳодиев. – Шунингдек, туманлар маркази билан олис қишлоқлар ўртасида жамоат транспорти хизмати кўрсатиш учун эса 130 дан кўп автобус керак, ҳозирда эса бундай йўналишларда бор-йўғи 30 автобус хизмат қилаяпти. Умуман олганда, вилоятда жамоат транспорти хизматини бир мунча ўнглаб олиш учун 1000 га яқин автобусга эҳтиёж бор. Бу жуда катта инвестиция талаб қиладиган иш. Солиқ ва божхона имтиёзлари бекор қилингандан кейин автобуслар нархи кескин кўтарилиб кетди. Аввалги йилларда 18 фоизлик кредит шарти билан олинган автобусларни бу йил 25 фоизга ҳам олиб бўлмаяпти. Мавжудларини сақлаб, ишлатиб туришнинг ўзи ҳам катта муаммо. Президентимизга, вилоятимиз ҳокимига раҳмат, бу масалада республика ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан қўллаб-қувватлаб турилибди. Наманган шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатиб келаётган транспорт корхоналарига республика бюджетидан йилига 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қоплама (дотация) ажратилаётган бўлса, вилоят ҳокимлиги томонидан ҳар ойда 200 миллион сўм дотация маблағи билан таъминлаб келинмоқда.
Вилоятда жамоат транспортини ривожлантириш ҳақида гапирганда, бу борада иш икки алоҳида йўналишда олиб борилаётганини қайд этиш жоиз. Биринчиси, йирик шаҳарга айланиб бораётган Наманганда йўловчи ташиш транспорти тизимини тубдан янгилаш, иккинчиси, туманлараро ҳамда туманлар марказлари билан олис қишлоқлар ўртасида замонавий транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш.
Шу нуқтаи назардан вилоятда умумфойдаланишдаги жамоат транспорт тизимини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш хамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан дастур ишлаб чиқилган бўлиб, 2017-2021 йиллар давомида жами 415 автобус ва 490 микроавтобус сотиб олиш, 46 янги автобус йўналишини очиш ҳамда 6 автостанция қурилиши ва 2 автостанцияни реконструкция қилиш режалаштирилган.
Ушбу дастурга асосан ўтган даврда банк кредитлари ҳисобига вилоятдаги транспорт корхоналари томонидан 126 автобус, 55 микроавтобус сотиб олинди. Аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, шаҳар ва шаҳар атрофи, шаҳарлараро йўналишларда 30 дан зиёд автобус қатнови йўлга қўйилди. Жумладан, бошқарма таъсисчилигида ташкил этилган “Автотранс Косонсой” ДУК томонидан 50 та “ISUZU” автобуси келтирилиб, Наманган – Андижон, Наманган – Фарғона, Наманган – Косонсой, Наманган – Қорақалпоқ, Наманган – Ҳазратишоҳ каби шаҳарлараро ҳамда олис қишлоқларга янги йўналишлар очилди.
Йўловчилар ва ҳайдовчиларга қулайлик яратиш мақсадида Поп, Чуст, Мингбулоқ туманларида янги автостанциялар фойдаланишга топширилди, Косонсой туманидаги автостанция реконструкция қилинди. Айни пайтда Наманган туманидаги автостанцияни реконструкция қилиш ишлари бажарилмоқда. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар қарорларига кўра вилоятда ташкил этилиши режалаштирилган 79 оралиқ бекатдан 56 таси қуриб, фойдаланишга топширилди, жорий йилда эса 100 дан зиёд шундай инфратузилма иншооти қуриш кўзда тутилган. Бундан ташқари, жорий йилда Наманган, Уйчи туманларидаги шохбектларни реконструкция қилиш, Наманган шаҳрида 3 янги шохбекат барпо этиш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.
Наманган шаҳридаги транспорт оқимини тартибга солиш, тирбандликни бартараф этиш, асосийси, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш соҳа мутасаддиларини қийнаётган муаммолар сирасига киради. Хўш, бу масалада қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
– Бугунги кунда вилоят бўйича 25 мингга яқин хусусий йўловчи ташиш субъекти фаолият юритмоқда, – дейди А.Абдулҳодиев. – Ўзаро рақобат шароитида, шаҳар кўчаларининг ўтказувчанлик қобилияти бугунги кун талабига жавоб бермай қолгани, яъни шаҳарда марказий йўл тармоқларининг камлиги, ҳайдовчи ва пиёдалар қоидаларга амал қилмаслиги кўплаб муаммоларга сабаб бўлмоқда. Бир қатор давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда ушбу ҳолатларга қарши мунтазам ташкилий, тарғибот, ҳуқуқий-маъмурий чоралар кўриб борилмоқда. Жумладан, ўтган йили Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда 600 га яқин рейд ўтказилди. Уларда йўловчи ва юк ташишга рухсат берувчи лицензиясиз фаолият кўрсатаётган 5 минг 550 транспорт воситаси аниқланиб, уларга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилди. 2017 йилдан бошлаб баъзи йўналишларда маълум вақт оралиғида “Damas” русумли транспорт воситалари ҳаракатланишига чеклов жорий этилди ҳамда бу йўналишларда “ISUZU” автобусларнинг жадвал асосида мунтазам ҳаракатланиши йўлга қўйилди.
Мухтасар айтганда, вилоятда намунали жамоат транспорти хизмати кўрсатилишига халақит бераётган, транспорт инфратузилмаси, соҳа субъектларининг моддий-техник базаси, шаҳарсозлик, йўллар, ҳайдовчилик ва пиёдалар маданияти билан боғлиқ муаммолар кўпки, уни бартараф этиш масъуллар ва кенг жамоатчиликдан ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатларни тақозо этади.
Вилоят транспорт бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ҳам журналистлар эътибори шунга қаратилди.