Жамғарма экспорт фаолиятига кўмаклашмоқда
Миллий матбуот марказида мамлакатимизда экспортчилар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида мамлакатимизда экспортчилар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.Унда давлатимиз раҳбарининг тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилган фармон ва қарорлари кичик бизнес ва хусусий ттадбиркорлик субъектларининг фаолиятини янада кенгайтириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тадбиркорларнинг халқаро кўргазма ва ярмаркаларда, бизнес-форум ва кооперация биржаларда самарали иштирок этиши, чет эллик ҳамкорлар топиши ва шартномалар тузишида ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатмоқда.
– Жорий йилнинг биринчи ярим йилида қарийб икки мингта корхона вакиллари билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг бир минг саккиз юзтасига экспорт масаласида ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий хизматлар кўрсатилди, – дейди Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Жаҳонгир Мустафоев. – Натижада 1 миллиард 565 миллион долларга тенг экспорт шартномалари имзоланиб, ҳозиргача 330 дан кўпроқ тадбиркор 657 миллион долларлик экспортни амалга оширди.
Корея Республикасининг "Lotte" корхонаси билан Ўзбекистондаги "Бофанда" масъулияти чекланган жамияти ўртасида учрашув ташкил қилиниб, Жанубий Корея бозорига трикотаж маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 50 минг долларлик экспорт шартномаси имзоланди. Мазкур экспорт шартномаси талабларини бажариш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун хомашё харид қилиш мақсадида жамғарма "Бофанда" жамиятига 300 миллион сўм миқдоридаги фоизсиз молиявий кўмак кўрсатди.
Жорий йилнинг ўтган даврида жамғарма 270 тадбиркорга Германия, Россия, Қозоғистон ва Тожикистонда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишига ёрдам кўрсатди. Натижада 154,5 миллион долларлик экспорт келишувлари имзоланиб, 9,8 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.
Туманларда экспортга кўмаклашиш мақсадида 85 агрофирма ташкил этилди. Йил якунига қадар мазкур агрофирмаларда йигирмага яқин лойиҳа амалга оширилиши кутилмоқда. Бу эса 1 минг 590 иш ўрни яратиш ва йилига 59 миллион доллардан ортиқ ҳўл ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини амалга оширишда қўл келади. Экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида логистика марказлари ташкил этилмоқда. Айни вақтда Сурхондарёда ана шундай марказ ишга тушган бўлса, Сирдарё, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Матбуот анжуманида қатор давлатларда жамғарманинг ваколатхоналарини очиш режалаштирилаётгани қайд этилди, журналистлар саволларига жавоб берилди.