Ўзбекистон ва Япония ишбилармонлари учрашуви
Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 18 июль куни Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 18 июль куни Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.Тадбирда Ўзбекистон ва Япониянинг ташқи иқтисодий алоқалар, банк-молия, савдо-саноат, сармоя, иқтисодиёт, нефть-газ, кимё, энергетика, автомобилсозлик, соғлиқни сақлаш, транспорт ва транспорт коммуникациялари, ахборот технологиялари, қурилиш, фармацевтика, таълим, сайёҳлик, маданият ва спорт каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил февраль ойида Японияга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлаб, стратегик ҳамкорликни янада фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.
Япония Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар 2002 йилда имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида изчил ривожланмоқда. 2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 215 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Япония томонидан Ўзбекистонга киритилган молиявий-техник воситаларининг умумий ҳажми 2 миллиард доллардан ошади.
Ўзбекистон-Япония иқтисодий муносабатлари савдо-иқтисодий ҳамкорлик, сармояларни ўзаро ҳимоялаш ва рағбатлантиришга оид битимлар каби кўплаб ҳужжатларга асосланади. Ўзбекистонда Япония сармояси иштирокида тузилган ўндан зиёд қўшма корхона, ушбу мамлакатнинг 11 компанияси ваколатхонаси фаолият кўрсатаётир. Улар транспорт, хизмат кўрсатиш, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, машинасозлик, ва металлни қайта ишлаш, енгил саноат, экспорт-импорт операцияларини ўтказиш, сармоявий лойиҳалар доирасида асбоб-ускуналар етказиб бериш каби йўналишларда иш олиб боради.
Япониялик ҳамкорлар “Кўкдумалоқ” конида компрессор станциясини ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини қуриш, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини реконструкция қилиш, Самарқанд, Бухоро ва Урганч аэропортларини модернизациялаш каби йирик лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этди.
Бугунги кунда Қарши – Термиз темир йўл тармоғини электрлаштириш, Навоийдаги иссиқлик электр станциясини кенгайтириш ва Толлимаржон иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
– Япония Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарайди, – деди Япония-Ўзбекистон маданий ва иқтисодий алмашинув қўмитаси раиси, “Sacura Global Holding” компанияси бош ижрочи директори, “Мацумото” жамғармаси раиси Кэнъичи Мацумото. – Япониялик ишбилармонларнинг Ўзбекистон бизнес вакиллари билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришга қизиқиши катта. Мамлакатингиздаги қулай сармоявий муҳит ва юксак иқтисодий имкониятлар икки томонлама савдо-иқтисодий ришталарнинг равнақ топишида муҳим омил бўлмоқда.
Анжуманда сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, тиббиёт техникаси ишлаб чиқариш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Ёқилғи-энергетика, кимё саноати, логистика, соғлиқни сақлаш, сайёҳлик ва меҳмонхона бизнеси каби соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.