Ўзбекистон Президентининг Туркманистон Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Олий даражадаги ўзаро ташриф ва музокаралар Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларини аниқ мазмун билан бойитди.
Тошкент ва Ашхобод шаҳарларида икки томонлама миллий кўргазма ва бизнес форумлари ўтказилгани, Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилгани, идоралараро ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни ривожлантиришга хизмат қилди.
Мулоқотда Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш ва экологик фалокатнинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Аваза шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммити муваффақиятли ўтказилгани ҳамда Туркманистоннинг ушбу жамғармадаги самарали раислиги минтақа мамлакатлари ва халқаро ҳамжамиятнинг Орол муаммосини ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларига янги суръат бағишлагани таъкидланди.
БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди ўз фаолиятини бошлагани ҳамда денгизнинг қуриган тубида ўрмонлар барпо этиш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар юксак баҳоланди.
Шунингдек, бўлажак тадбирлар режаси, жумладан, жорий йил апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш тўғрисида фикр алмашилди.
Мулоқот сўнггида давлат раҳбарлари қардош халқларимиз ва мамлакатларимиз фаровонлиги йўлида Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.