Ўзбекистон – барқарор ривожланаётган мамлакат
Чжен Ци, Хитойнинг «China Daily» газетаси мухбири:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3-Бухоро сайлов округи ҳудудидаги бир неча сайлов участкасида бўлдим. Уларда ушбу муҳим сиёсий тадбирга пухта тайёргарлик кўрилган.
Чжен Ци, Хитойнинг «China Daily» газетаси мухбири:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3-Бухоро сайлов округи ҳудудидаги бир неча сайлов участкасида бўлдим. Уларда ушбу муҳим сиёсий тадбирга пухта тайёргарлик кўрилган. Ошкоралик ва адолат – демократик сайловларнинг энг муҳим жиҳатидир. Бу борада сайлов участкаларида жараённинг боришини бевосита кузатиб борадиган сиёсий партиялар ва хорижий кузатувчилар учун ҳам зарур шароит яратилган.
Сайловга тайёргарлик жараёнида ҳар бир жиҳат ҳисобга олингани эътиборимни тортди. Масалан, участкада зарурат бўлиб қолганда, мурожаат қилинадиган тиббий хизмат кўрсатиш хонаси билан танишдим.
Аёллар ва болаларга алоҳида эътибор қаратиш халқингизнинг ўзига хос қадриятларидан бири эканидан хабарим бор. Бунинг амалий исботини барча сайлов участкасида она ва бола хонаси ҳозирлаб қўйилганида ҳам кўриш мумкин. Овоз бериш учун келаётган аёллар боласини тарбиячи ихтиёрида қолдириб, бемалол ўз конституциявий бурчини адо этмоқда.
Бухоро нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежида жойлашган 27-сайлов участкасида бўлдим. Бу ерда сайловга тайёргарлик жараёни билан бирга, коллежда нефть ва газ саноати тармоқлари учун зарур ўрта махсус маълумотли мутахассислар тайёрлаш учун яратилган қулайликлар, ўқувчиларнинг ер ости бойликларини ўзлаштириш, шамол энергиясини электр энергиясига айлантиришга оид ихтирочилик қурилмалари билан танишдим.
Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ривожланаётган мамлакатлардан биридир. Бу ерда қулай инвестиция муҳити яратилгани халқаро иқтисодий алоқалар ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Бухоро вилоятида ўнга яқин Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси фаолият юритаётган экан. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг ёрқин кўриниши.