Заводда ишчи-ходимлар манфаати доимий эътиборда
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқариш қувватлари ва ижтимоий объектларни ўз ичига олган йирик мажмуа ҳисобланади.
Завод томонидан нафақат ишчи-ходимлар, балки унга яқин жойлашган ҳудуд аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, завод томонидан барпо этилган “Нефтчи” шаҳарчаси, спорт-соғломлаштириш мажмуаси, маданият саройи, иқтидорли болалар учун лицей, 150 ўринли поликлиника, ёшлар меҳмонхонаси, иқлимни юмшатиш учун сунъий кўл аҳоли хизматида.
Сўнгги йилларда “Нефтчи” шаҳарчаси барча зарур ижтимоий инфратузилмага эга бўлган ўзига хос масканга айланди. Бу ерда завод ходимлари учун барча қулайликларга эга 700 дан ортиқ замонавий турар жой бинолари барпо этилган. Замонавий маданий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектлар қурилиб фойдаланишга топширилди.
Вирусга қарши кураш чораларини юқори савияда ташкил этиш, заводдаги тиббиёт муассасаларига манзилли ёрдам кўрсатиш учун “COVID-19” пандемиясининг тарқалишига қарши "Биргаликда енгамиз!" дастури амалга оширилмоқда. Дастур шифокорларни қўллаб-қувватлаш ва саноат корхоналаридаги ишчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш каби йирик лойиҳаларни ўз ичига олади.
[gallery-2383]
Ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш учун завод оксигенераторлари (кислород намлантиргичи), кардиомониторлари, импульс оксиметрлари, экспресс-тестлар, кимёвий дорилар ва тиббиёт ходимлари учун ҳимоя костюмлари каби тиббиёт ускуналари сотиб олинган. Импорт қилинган асбоб-ускуналар ва дори-дармонларнинг бир қисми Қоровулбозор шаҳридаги касалхоналарга етказилган.
Вилоят санитария-эпидемиология хизматининг ПЗР лабораторияси (полимераза занжири реакцияси) учун ускуналар тўплами завод томонидан сотиб олинди. Суюқ кислороднинг барча талаб ва стандартларга мувофиқлиги тўғрисида ижобий санитария-эпидемиология хулосаси олинганидан сўнг завод тарихида биринчи марта вилоятдаги касалхоналарга етказиб бериш учун суюқ кислород қуйиш амалга оширилди. Кислород ишлаб чиқариш заводнинг Буғ-ҳаво-газ таъминоти цехининг азот-кислород станциясида амалга оширилмоқда.
Заводда COVID-19 инфекцияси юқишини олдини олиш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун барча ишлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, мунтазам ўтказиладиган тиббий кўрик натижалари асосида ва ишчи-ходимларнинг талабидан келиб чиқиб ҳар йили республика шифохоналари ва санаторийларга йўлланмалар берилади. Корхона ходимларининг мактаб ёшидаги мингга яқин болалари ёзги таътилда "Нефтчи" ёзги соғломлаштириш оромгоҳида дам олади.
Буларнинг барчаси завод ишчи-ходимлари иш самарадорлиги ва турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакатимизнинг ёқилғи мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА