Зарур ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда
Кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож – жисмоний имконияти чекланган, ногирон, кекса, якка ёлғиз яшовчи фуқароларни кўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 8 майдаги "Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Мазкур қарорда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи омилларни бартараф этиш мақсадида 2025 йил 1 июндан бошлаб мамлакатимизда “Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилиши белгиланган.
Дастур доирасида белгиланган тоифадаги фуқароларга беш турдаги янги ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. Яъни уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш, уй шароитида қараб туриш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматлари ҳамда шахсий ёрдамчи хизмат турлари кўрсатила бошланди.
Уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш хизмати ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган ўзгалар парваришига муҳтож 18 ва ундан катта ёшдаги шахсларга кўрсатилади.
[gallery-25173]
Уй шароитида қараб туриш хизматидан эса ўзгалар парваришига муҳтож 18 ва ундан катта ёшдаги камбағал оилалар реестри ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган шахслар фойдаланиши мумкин. Ушбу хизмат шахсга қараб туриш (йиқилиш ва жароҳатланишнинг олдини олиш), парваришлаш (овқатлантириш, гигиеник тадбирларни амалга ошириш), у билан мулоқот қилиш, шахснинг ўз-ўзига хизмат қилишга ўргатиш жараёнларини ўз ичига олади.
Тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган фуқароларга кўрсатилади.
Ушбу хизмат ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахсга ҳафтада 3 марта 2 соатдан, бироқ 1 та шахс учун узлуксиз 6 ойдан кўп бўлмаган даврда Камбағал оилалар реестри ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кўрсатилади.
Кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматидан эса ўзгалар парваришига муҳтож 18 ва ундан катта ёшдаги “Камбағал оилалар реестри” ёки “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган шахсларга, ҳафтада 5 иш куни давомида, кунига 8 соатгача вақт мобайнида кўрсатилади.
Шахсий ёрдамчи хизматлардан фойдаланиш учун I гуруҳ ногиронлиги, шунингдек, кўзи ожизлик бўйича бирламчи ногиронлик белгиланган ва кўзи ожизлик бўйича бирламчи ногиронлик белгиланган вақтдан бошлаб 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда мурожаат қилган фуқаролар фойдаланиши мумкин.
Хусусан, биринчи марта аравачадан фойдаланиш белгиланган шахс, биринчи марта аравачадан фойдаланиш белгиланган вақтдан бошлаб 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда мурожаат қилганида, ҳафтада 5 иш куни давомида, кунига 3 соатгача, бироқ 2 ҳафтадан кўп бўлмаган муддатда кўрсатилади.
Ушбу хизматлардан фойдаланиш учун фуқаролар ўзлари яшаётган маҳалла ижтимоий ходимига мурожаат қилиш орқали ариза бериши мумкин. Ариза мутахассислар томонидан ўрганилиб, шахснинг ҳолати баҳоланади, хизматлардан фойдаланиш йўналиши белгиланади.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори ижросини таъминлаш бўйича Андижон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда шаҳарда 91 та маҳалла фуқаролар йиғинида муайян тажриба ва малакага эга 91 нафар комплекс хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходим ҳамда "Инсон" ижтимоий хизматлар марказида 25 нафар ижтимоий хизматлар кўрсатувчи ходим фаолият олиб бормоқда.
Марказимиз ходимлари Президент қарори ижросини таъминлаш, умуман, белгиланган тоифадаги шахсларга зарур ижтимоий хизматларни қўрсатиш учун астойдил меҳнат қилишмоқда.
Дилдорахон ТОЖИБОЕВА,
Андижон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбари.
ЎзА