“Зарметан қатиғи”нинг сири нимада?
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманига ташриф буюрган киши борки, бу ҳудуднинг машҳур “Зарметан қатиғи”ни тотмай ортга қайтмайди.
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманига ташриф буюрган киши борки, бу ҳудуднинг машҳур “Зарметан қатиғи”ни тотмай ортга қайтмайди. Ўзига хос тайёрланиш жараёнига эга мазкур неъмат билан боғлиқ афсоналар ҳам йўқ эмас.
Зарметан қишлоғининг “Работ” маҳалласида яшовчи Салима Ҳамроева келини Мадина Саъдуллаева билан тўнкарилганида ҳам косадан тушиб кетмайдиган қатиқ ивитиб, даромад олади. 15 йилдан буён мазкур фаолият билан шуғулланаётган оилада бир кунда 50 та косагача қатиқ тайёрланади. Хонадон эгаларининг айтишича, қатиқ сопол косаларга ивитилиши керак. Шундан сўнг тўрт соатда мазали неъмат тайёр бўлади.


– Халқ тилидан тилига ўтиб юрувчи афсонага кўра, Хўжаи Ҳизр ушбу ҳудуддан ўтаётганида чанқаб, қишлоқ аҳлидан сув сўрайди, - дейди қизилтепалик педагог Ўткир Мажидов. – Шунда у кишига сув ўрнига муздеккина қатиқ беришган. Қатиқни ичган Ҳазрат дуо қилади. Шу боис ҳам “Зарметан қатиғига дуо кетган”, деган гаплар бор.
Албатта, бу афсона. Аммо, ҳар қандай ривоят замирида ҳам муайян ҳақиқатлар ётади. Зарметан қатиғининг сири ҳам аввало, шу ҳудуднинг об-ҳавосига ва қалбидарё кишиларининг меҳрига алоқадор.

