Зараркунандаларга қарши курашишнинг самарали йўли
Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашишда биологик усулдан кенг фойдаланилмоқда. Элликка яқин биолабораторияда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳосил унумдорлиги ва самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётир.
Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашишда биологик усулдан кенг фойдаланилмоқда. Элликка яқин биолабораторияда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳосил унумдорлиги ва самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётир.Зарарли ҳашаротларга қарши курашишда биологик усулларни қўллаш ишончли, фойдали ва самаралидир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, экинни биологик усулда ҳимоя қилиш кимёвий усулга нисбатан гектарига 700-800 минг сўм тежамкорликка эришиш имконини беради.
102 минг гектардан зиёд майдонда пахта етиштираётган вилоят фермерлари ғўза парваришида агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш, хусусан, зараркунандаларга қарши курашишда айнан биологик усулдан кенг фойдаланмоқда. Бу борада жойларда фаолият юритаётган биолабораториялар муҳим аҳамият касб этаётир.
Мирзачўл туманидаги “Янгидала олтинкўзи” биолабораториясида етиштирилаётган фойдали ҳашаротлар зараркунандаларига қарши курашишда яхши самара бермоқда. 2007 йили иш бошлаган биолабораторияда биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. Жумладан, 2011 йилда 12,5 килограмм трихограмма, 9,2 миллион дона олтинкўз, 7,9 миллион дона хабробракон ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич икки баробар ошди. Янги линияларнинг ишга туширилиши биомаҳсулотлар сифати яхшиланишини таъминлади.
– Мутахассислар ғўза ниҳоллари униб чиққандан то пахта очилгунга қадар экин ҳолатини кузатиб боради, – дейди биолаборатория раҳбари Шавкат Жовбўриев. – Ҳарорат кўтарилганда зараркунанда ҳашаротларнинг кўпайиш хавфи янада ортади. Ўргамчаккана, шира, кўсак қурти каби зараркунандалар пайдо бўлиши билан майдонлар ҳажмига қараб фойдали ҳашаротлар ташланади. Ҳозир лабораторияда ҳудуддаги барча майдонларга етарли олтинкўз, трихограмма, хабрабракон каби фойдали ҳашаротлар етиштирилмоқда.