Замонавий йўллар сари катта қадам: 442 млн. долларлик йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда
Ўзбекистонда автомобиль йўллари инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари 2026 йилда янада юқори суръатларга чиқди. Автомобиль йўллари қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилда соҳада жами 15 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Уларнинг 13 таси халқаро молия институтлари иштирокида, 2 таси эса давлат-хусусий шериклик асосида ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Йил давомида мазкур лойиҳалар доирасида 442 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ўзлаштириш ҳамда 365 километр автомобиль йўлини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу кўрсаткич 2025 йилга нисбатан 1,5 баробар, 2024 йилга нисбатан эса 1,8 баробар юқори экани билан аҳамиятлидир.

Жорий йилнинг январь–май ойлари давомида эса 94,4 миллион доллар маблағ ўзлаштирилди ва белгиланган режа тўлиқ бажарилди.
Бухородан Қорақалпоғистонгача: йирик йўллар янгиланмоқда
Инвестиция лойиҳалари мамлакатнинг турли ҳудудларини қамраб олган. Хусусан, Бухоро вилоятида А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 78 километр қисми реконструкция қилиниб, жорий йил 1 сентябрга қадар фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Сурхондарё вилоятида эса 111 километр йўлни реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда 51 километр қисмида замонавий цемент-бетон қопламаси ётқизилди, яна ўнлаб километр масофада ер ишлари амалга оширилди. Йил якунига қадар 60 километр йўл тўлиқ цемент-бетон қоплама билан янгиланади.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам А380 йўлининг 25 километр қисми реконструкция қилиниб, йил охиригача ҳаракат учун очилиши режалаштирилган.
Цемент-бетон йўллар улуши ортиб бормоқда
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда узоқ муддат хизмат қиладиган цемент-бетон қопламали йўллар қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида республика бўйлаб жами 841 километр ички йўлни цемент-бетон қоплама билан қуриш кўзда тутилган.
Биринчи босқичда Бухоро вилоятида 52 километр ва Сурхондарё вилоятида 48 километр ички йўл қуриб битказилди. Кейинги босқичларда Сирдарё, Жиззах ва бошқа вилоятларда ҳам ушбу ишлар давом эттирилади. 2026 йилнинг ўзида 140 километр йўлни цемент-бетон қоплама билан реконструкция қилиш режалаштирилган.
Янги пуллик магистраллар қурилиши бошланади
Йилнинг энг муҳим инфратузилма лойиҳаларидан бири — “Тошкент–Самарқанд” пуллик автомобиль йўли қурилишининг бошланишидир. Ушбу замонавий магистралнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. Йўлнинг асосий қисми Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳудудидан ўтади.
Шунингдек, “Тошкент–Андижон” пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича ҳам пудратчи ташкилотни танлаш жараёнлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳалар мамлакатда тезкор ва хавфсиз транспорт қатновини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Янги қурилишлар географияси кенгаймоқда
Хоразм вилоятида Урганч–Хонқа–Ҳазорасп йўналишидаги 84 километрлик йўлни реконструкция қилиш ишларига старт берилди. Қашқадарё вилоятида М39 автомобиль йўлининг 60 километр қисми янгиланмоқда ва йил охиригача 40 километр қисми цемент-бетон қопламага ўтказилади.
Шу билан бирга, Сирдарё, Қорақалпоғистон, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида янги лойиҳаларни бошлаш бўйича тендер ва тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Замонавий транспорт тизими сари навбатдаги қадам
Мутахассисларнинг фикрича, халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган ушбу лойиҳалар нафақат йўллар сифатини яхшилайди, балки ҳудудлар ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаб, иқтисодий фаолликни оширишга ҳам хизмат қилади.
2026 йилда режалаштирилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида юртимизда замонавий, мустаҳкам ва хавфсиз автомобиль йўллари тармоғини шакллантириш йўлида яна бир муҳим қадам ташланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА