Замонавий ветеринария клиникаси иш бошлади
Хўжаобод тумани Хидирша маҳалласида барча қулайликларга эга, замонавий ветеринария клиникаси иш бошлади.
Соҳа мутасадди ва мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида клиника очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Андижон вилояти озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Дилмурод Қаюмов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик соҳасини ривожлантириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, замонавий ветеринария инфратузилмасини яхшилаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда мутахассисларнинг самарали фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Мазкур клиника Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) иштирокидаги «Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида барпо этилди. Босқичма-босқич амалга оширилган лойиҳа давомида муассаса замонавий ускуналар ва зарур жиҳозлар билан таъминланди.


Клиникада 10 нафар малакали мутахассис фаолият юритиши кўзда тутилган. Бу ерда ҳайвонларни ветеринария кўригидан ўтказиш, касалликларга ташхис қўйиш, даволаш ва профилактика тадбирларини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилган.
Муассасанинг замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозлангани ҳайвонлар саломатлигини текшириш имкониятларини кенгайтиради. Жумладан, рентген ва ультратовуш текшируви (УЗИ) ускуналари ёрдамида ҳайвонлар организмидаги патологик ўзгаришларни аниқлаш, касалликларга ташхис қўйиш ва тегишли даволаш чораларини белгилаш имконини беради. Шунингдек, клиникада жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун ҳам шароитлар яратилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, вилоятда ветеринария назорати ва лаборатория хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида махсус мобил лаборатория фаолияти ҳам йўлга қўйилган. 2025 йилда ишга туширилган мазкур лаборатория вилоят ҳудудлари бўйлаб хизмат кўрсатиб, жойларда намуналар олиш, ҳайвонларни дастлабки текширувдан ўтказиш ва тезкор лаборатория диагностикаси амалга оширилади.


Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири