Замонавий таълим ва кенг имкониятлар маскани
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда янги ўқув йилининг бошланиши олий таълим муассасалари ҳаётида янги босқични бошлаб берди. Таълим сифатини ошириш, талабалар учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш, уларнинг касбий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш олий таълим тизимининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университетида ҳам янги ўқув йилида таълим жараёнларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, талабалар учун зарур шароитларни янада яхшилаш, ўқув ва илмий жараёнларни самарали йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда университетда 16 мингдан зиёд талаба 50 га яқин бакалавриат таълим йўналиши ва 27 та магистратура мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқда.
[gallery-31593]
Таълим жараёнини назарий билим ва амалий кўникмалар уйғунлиги асосида ташкил этиш мақсадида университетда 30 га яқин замонавий лаборатория фаолияти йўлга қўйилган. Аудиторияларда машғулотлар илғор педагогик ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда. Бу талабаларнинг мустақил фикрлаши, амалий кўникмаларини ривожлантириши ва илмий изланишларга жалб этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилган. Хусусан, спорт факультетида кураш, футбол ва бошқа спорт турлари бўйича машғулотлар ўтказилмоқда. Тасвирий санъат йўналишидаги амалий машғулотлар эса ёшларнинг ижодий салоҳиятини намоён этишига хизмат қилмоқда.
Академик хизматларни янада қулайлаштириш мақсадида Регистратор офиси фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда талабаларнинг академик фаолияти билан боғлиқ жараёнларни рақамлаштириш ва маъмурий хизматларни соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Университетнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам изчил кенгайиб бормоқда. Айни вақтда 20 га яқин давлатдаги 90 га яқин олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, университетнинг 11 та таълим дастури Германиянинг ACQUIN халқаро аккредитация агентлиги томонидан аккредитациядан ўтказилган.
Университет жамоаси келгусида ҳам таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда замонавий меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга қаратилган вазифаларни изчил амалга оширишни мақсад қилган.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат) ЎзА