Замонавий таълим сари қадам
Андижон давлат университетида “INFOTEACH – 2026” республика форуми бўлиб ўтди.
Таълим тизимини янада ривожлантириш, хусусан, информатика ва ахборот технологиялари соҳасида педагоглар салоҳиятини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, ўқитувчилар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва замонавий таълим ёндашувларини жорий этиш мақсадида ташкил этилган форумда юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 400 нафарга яқин информатика фани ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбир доирасида тажрибали менторлар, малакали мутахассислар ва амалиётчи ўқитувчилар томонидан мавзу доирасида қизиқарли семинар-тренинглар, машғулот ва маҳорат дарслари ўтказилди.
Жумладан, таълим жараёнида сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ахлоқий ва хавфсизлик жиҳатлари, информатика дарсларида замонавий рақамли платформаларни қўллаш, Python дастурлаш асослари, киберхавфсизлик масалалари ҳамда лойиҳа асосида ўқитиш (PBL) методикасини амалиётга жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Шунингдек, форум давомида ўқитувчилар ўзаро тажриба алмашди, илғор иш услублари, янги ғоя ва ташаббуслар билан танишди. Мавзу доирасидаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан мулоҳазалар билдирилди.
Форум иштирокчилари нафақат назарий билимларини, балки амалий машғулотлар орқали ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.

Форум якунида барча қатнашчиларга сертификатлар топширилди, анжуман доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этган бир гуруҳ педагоглар рағбатлантирилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА.