Замонавий санъат дунё олимлари нигоҳида
III Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси доирасида Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида “Замонавий амалий безак санъатининг бадиий тили” мавзуида илмий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон ҳамда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Озарбайжон, Беларусь, Франция, Австралия каби давлатлардан санъатшунос олимлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нуриддинов янгиланаётган Ўзбекистонда маданият ва санъат ривожи, соҳага қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтди.
Бу жиҳатлар бадиий таълим йўналишидаги олий ўқув юртларига ёшларни энг аввало истеъдоди, қобилияти ва салоҳиятига қараб қабул қилишда, Ўзбекистон Бадиий академияси, умуман рассом ижодкорлар, уста-ҳунармандларнинг эркин ва самарали фаолият кўрсатиши, турли ижодий ташаббусларга кенг йўл очилаётганида яққол намоён бўлмоқда. Бу борадаги амалий эътибор жаҳон миқёсида ҳали бери чекиниши сезилмаётган ва қачон тугаши, оқибатлари мутлақо номаълум бўлган мураккаб пандемия шароитида ҳам изчил тарзда давом эттирилмоқда.
[gallery-4592]
Янги Ўзбекистонни барпо этишда бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиётга ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этадиган кучли маънавиятга таяниш, шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепциясини амалга ошириш масаласига давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқаро анжуманда Темурийлар санъати ва маданиятини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессанд (Франция), Янка Купала номидаги Гродно давлат университети ректори Ирина Китурко (Беларусь Республикаси), Кастамону университети профессори Сейхан Йилмаз ва бошқалар III Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси каби ижодий лойиҳалар маданий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Анжуманда замонавий амалий ва декор санъатининг жаҳон миқёсидаги ривожланиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА