Замонавий мебеллар – хонадонлар кўрки
...Дилобар янги уйга кўчиб ўтгач, қариндош-уруғ, дўст-биродар, қўшниларни таклиф этди. Меҳмонларнинг янги уйдаги шароитлар, хоналарга кўркамлик бағишлаб турган мебелларга ҳаваси келди.
...Дилобар янги уйга кўчиб ўтгач, қариндош-уруғ, дўст-биродар, қўшниларни таклиф этди. Меҳмонларнинг янги уйдаги шароитлар, хоналарга кўркамлик бағишлаб турган мебелларга ҳаваси келди.– Бу мамлакатимизда ишлаб чиқарилган мебеллар, – деди Дилобар дугонасининг синчков нигоҳларига жавобан. – Кўриб турганингиздек, сифати юқори, кўриниши бежирим.
Суҳбатга ёши улуғ онахон қўшилди:
– Бундан чорак аср илгари қизимнинг сепига битта кийим жавони сотиб олиш учун бутун бозорни кезиб чиққанимиз ҳали эсимдан чиқмайди. Ўша вақтларда бозордаги бир-икки дўконда мебель бўлар, улар ҳам асосан четдан келтирилар эди. Нархи қимматлигидан жиҳозларни олишга қурбимиз етмай, уйга қайтганмиз. Шукрки, бугун уйимиз кўркига кўрк қўшиб турган мебеллар юртимизда ишлаб чиқарилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Тошкент шаҳридаги “Garant mebеl” масъулияти чекланган жамияти мебель ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан биридир. Бу ерда ётоқхона, меҳмонхона, ошхона, болалар мебеллари тайёрланмоқда.
Корхонага қарашли дўконлардан мижозлар ўз дидига мос жиҳозларни харид қилиши, дизайнерлар ёрдамида танлаши, маслаҳат олиши мумкин. Маҳсулотлар турли ташкилотлар, таълим даргоҳлари, соғлиқни сақлаш муассасаларига ҳам етказиб берилмоқда.
Корхонада ишлаб чиқариш жараёнига Германия, Италия ва Хитойдан келтирилган замонавий технологияларни жорий қилиш туфайли маҳсулот сифати яхшиланиб, ҳажми кун сайин ортмоқда. Корхона ҳар йили турли кўргазма ва тендерларда фаол қатнашиб келаётир. Жумладан, ўтган йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан аудиториялар, ўқув-лаборатория хоналари, компьютер техникаси, спорт инвентарлари учун махсус мебеллар хариди бўйича ўтказилган тендер савдоларида ғолиб бўлди.
– Ушбу вазирлик билан икки миллиард сўмлик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар имзоладик, – дейди “Garant mebеl” МЧЖ директори Олим Муҳамедов. – Бундан ташқари, мамлакатимизда фаолият юритаётган 80 дан ортиқ корхона ва ташкилот, таълим ва тиббиёт муассасаси билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган.
Корхонанинг Жиззах, Самарқанд, Термиз, Қўқон шаҳарларида бўлимлари мавжуд. Қарағай, ёнғоқ ва чинор ёғочларидан мебель ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Жамоа аъзоларининг қарийб 80 фоизи коллеж битирувчиларидир.
– Бу ерга келганимда бежирим маҳсулотларни кўриб, тўғриси, мен ҳам шундай замонавий мебеллар тайёрлай олишимга ишонмагандим, – дейди корхона ишчиси Жавоҳир Жовлиев. – Коллежда олган назарий билимларимизни амалиёт билан умумлаштириб, тажрибали мутахассислардан касбимиз сир-асрорларини пухта ўрганишга ҳаракат қилмоқдамиз. Маошларимиз яхши, қилаётган ишимиздан завқланамиз.
Амалдаги сифат стандартларига мос барча маҳсулотлар аллақачон ички бозорда ўз харидорларини топган. Корхона мутасаддилари келажакда ташқи бозорга ҳам маҳсулот чиқаришни мақсад қилиб қўйган.