Замонавий аёл – ҳар жабҳада фаол
“Туркистон” саройида “Йилнинг тадбиркор аёли» кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
“Туркистон” саройида “Йилнинг тадбиркор аёли» кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси раиси Г.Маҳмудова, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Айниқса, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аёллар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 2014 йил 15 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Тижорат банклари томонидан ишбилармон хотин-қизлар учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар миқдори йил сайин ошиб бормоқда. 2015 йилда аёллар раҳбарлигидаги ишлаб чиқариш тармоқларига 1,2 триллион сўмдан зиёд, касб-ҳунар коллежларини битирган қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун 51 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағи йўналтирилгани опа-сингилларимизнинг жамият ҳаётида муносиб ўрин топишига алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолатдир.
Кўрик-танловда туманларда ғолиб бўлган ўн бир нафар тадбиркор аёл қатнашди.
Олмазор тумани «Epli kelin» масъулияти чекланган жамияти ўқув курси раҳбари Дилфуза Ғаниева биринчи ўринга лойиқ топилди. Иккинчи ўрин Шайхонтоҳур тумани «Zep media» корхонаси раҳбари Ноиба Каримжонова ва Миробод тумани «Intellekt-b» ўқув маркази раҳбари Мукаррам Нуриддиновага насиб этди. Юнусобод тумани «Jasmin fito pharma» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Райҳона Нормаматова учинчи ўринга сазовор бўлди.
– Мен ўз фаолиятимни 2009 йили бошлаганман, – дейди «Epli kelin» масъулияти чекланган жамияти ўқув курси раҳбари Дилфуза Ғаниева. – Бизнинг корхонамизда бўлғуси келинларга каштачилик, тўқувчилик, қандолатчилик, уй ҳамшираси, сартарошлик каби ҳунарларни ўргатиш билан бирга, турмуш қуриш остонасидаги қизларга келинлик одоби, фарзанд тарбияси ҳақида психолог маслаҳатлари ҳам берилади.
Тадбир доирасида тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тақдимоти, тадбиркор аёллар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.