Заҳириддин Муҳаммад Бобур Сўхда бўлганми?
Ўзбекистон бой тарих ва мафтункор табиатга эга бетакрор ўлка. Унинг ҳар бир гўшаси ўзига хослиги, ўтмиши, одамлари ва анъаналари билан ажралиб туради. Фарғона вилоятининг жанубий қисмида жойлашган Сўх тумани ана шундай қадимий ва гўзал масканлардан бири ҳисобланади.
Олой тоғлари бағрида жойлашган бу сўлим диёр ўзининг зилол булоқлари, жўшқин сойлари, кўкка талпинган арчалари билан барчани мафтун этади. Сўх воҳаси Ўрта Осиёда маскан топган энг қадимги одамларнинг ватани, десак муболаға бўлмайди. Бу ерда тош, бронза (жез), илк темир, антик давр ва ўрта асрларга оид 20 га яқин археологик ёдгорликлар – ғорлар, манзилгоҳлар, мозор-қўрғонлар ҳамда қоятош суратларининг топилганлиги бу фикрни тўлиқ тасдиқлайди. Бу воҳадан илк палеолит даврида яшаган одамнинг суяк қолдиқлари топилганлиги кўпчиликка маълум. “Ўзбекистон тарихи” музейига кирган киши билагузук шаклидаги қўшилон тамғасини кўриб беихтиёр қадимий ва сирли салтанатнинг қудратини ҳис қилади. Тарихдан бироз хабари бор одам, бу милоддан аввалги V асрларда гуллаб-яшнаган Сўх ҳудудидаги давлатнинг рамзларидан бири эканини, ана шу белги ортида қанчадан-қанча талотўп, равнақ ва таназзул яширинганини яхши билади. “Селенғур” ғори деворидаги суратлар эса янада қадим замонлардан сўзлайди.

Сўх атоқли саркарда, давлат арбоби, шоир ва муаррих Заҳириддин Муҳаммад Бобур қадам ранжида қилган жойдир. “Бобурнома” да 1493 йил воқеалари қаламга олинар экан, буюк бобомиз тақдир тақозосига кўра, “Сўх ва Ҳушёр кўҳпояларига келиб, бир йилча ёвуқ” яшаганини орзиқиш билан хотирлайди. Бундан ўша вақтларда ҳам Сўхда маънавият, маърифат, маданият ривож топганини билиш мумкин. Унда шундай битиклар бор: “Исфара вилояти тўрт бўлук кўҳпоядир: бир Исфара, яна бир Ворух, яна бир Сўх, яна бир Ҳушёр…”, “…Сўх била Ҳушёр-кўҳпояларига келиб, бир йилға ёвуқ танқислик била ўткариб, Кобул азимати қилдим”.
Ҳушёр қишлоғи туманнинг қадим масканларидан бири. Қамчибек Кенжа Сўхдаги таассуротлари ҳақида шундай ёзади:
Демак, Бобур Мирзо Ҳушёрда туриб келгуси тақдирини белгилаган, атроф-жавонибдаги қишлоқлар, йўллар, довонларни пухта ўрганган ва Фарғона давлатидан чиқиб кетишда Овчи, Оббурдон, Матчо қишлоқлари орқали Қоратегин довонидан ошиб, Ҳисор орқали бобомерос Кобулга ўтиб кетган. Оқибат, адолат шиори бўлган Бобур кейинчалик Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида ўтказган катта тўй-издаҳомларидан бирига андижонлик, самарқандлик кўнгил яқинлари билан бирга ҳушёрликларни ҳам таклиф қилади ва ўз таъбирича, “бевилоят ва беватан юрган” чоғларида жонига ора кирган ҳушёрлик қадрдонларига алоҳида иззат-икром кўрсатиб, уларга бошқа мўътабар меҳмонлар қатори чакмон, қимматли сарполар, олтин, кумуш кийимликлар инъом этади.
Бобурнинг бир йил давомида Сўх ва Ҳушёрда яшаши изсиз кетмади. Бу муддат давомида Бобурга меҳр қўйган кўп сўхликлар унинг хизматига кирдилар. Улар Бобур кетишга шайланганда, унга ҳамроҳ бўлиб, Афғонистонга, кейинчалик Ҳиндистонга кетдилар. Сўхликлар Бобур умрининг охирига қадар унга садоқат билан хизмат қилдилар. Бобур ҳам уларнинг хизматини муносиб тақдирлади. Буни “Бобурнома”даги қуйидаги сатрлар ҳам тасдиқлайди: “Шанба куни ойнинг олтисида тўй бўлди. ..Яна Андижондин ва бевилоят ва беватан юрган ерларимиз ва Сўх ва Ҳушёрдин келганларга чакманлар ва қумош хилъатлар ва олтундин ва кумушдин, рахтдин, жинсдин инъомлар бўлди”.
Ҳозирги кунда Ҳиндистонда Ҳушёр қишлоғи мавжуд бўлиб, бу ерда Бобурга садоқат билан хизмат қилган жангчиларнинг авлодлари истиқомат қиладилар, деган маълумотлар бор.
Шунингдек, Бобур Мирзонинг Сўх дарёси атрофида жойлашган Тул қишлоғи яқинидаги тоғ тепасидаги “Санги ойна” га алоҳида эътибор қаратгани, у жойдаги булоқ сувида юз-қўлини ювиб, шу гўзал тоғ оралиқларидан оқиб келаётган шўх дарёга кўприк қурганлиги, у ҳозир ҳам Бобур кўприги деган ном билан машҳурлиги кўпчилик зиёлилар ва маҳаллий аҳолига яхши маълум.
Бобур назари тушган “Санги ойина” бугунги кунда зиёратгоҳга айланган. Бу тош ойина ҳақида Бобур шундай ёзади:
“Исфаранинг бир шаръисида жануб сори пушталарнинг орасида бир парча тош тушубдур, “Санги ойина” дерлар, узунлиги тахминан ўн қари бўлғай, баландлиғи баъзи ери киши бўйи, пастлиғи, баъзи ери кишининг белича бўлғай, ойинадек ҳар нима мунъакис бўлур”.
Бобур даврида ушбу тошойна ҳақида халқ орасида турли ривоятлар мавжуд бўлган. Уларнинг бирида айтилишича, санги ойина бемор одамларнинг шифо топишига ёрдам берар экан. Касал одам келиб, унга суркалса, дарддан фориғ бўларкан. Ҳатто бирон жойига шикаст етган ҳайвонлар ҳам тошга суркалиб, даво топишар эмиш. Санги ойинанинг яна бир хусусияти шундан иборат эканки, пок инсонлар унда ўз келажагини ҳам кўрар эмиш. Айтишларича, Бобур тошойнанинг олдига келиб, унга назар ташлаганда, ўзини шоҳона либосларда салтанат тахтида ўтирганини кўради. Шундан сўнг у Сўхдан Кобул сари азимат қилиб, у ерда тахтни қўлга киритади.
– Заҳириддин Муҳаммад Бобур билан боғлиқ турли маълумотларни, қадамжоларни чуқур ўрганишимиз керак, – дейди тарихчи олим Раҳматжон Арслонзода. – Хусусан, Сўхда бобомиз билан боғлиқ ёдгорликлар кўп. Шу боис айни кунларда бу қадим масканнинг ўтмишини тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бобур Мирзо даврида Ҳушёр – Сўх атрофидаги ноҳия, қишлоқлар –Исфара, Хўжанд, Ўратепа, Боткент, Қадамжой, Зарафшон дарёсининг юқори қисмидаги Боло, Овчи, Оббурдон, Дахкат, Матчо, Ворух қишлоқлари Фарғона ҳудудига кирган, у ерларда шаҳзода – Бобур кўп маротаба бўлган. Шунинг учун ҳам Бобурбурчак, Қоровул тепа, Бобур кўприги, Бобур намозгоҳи, Тахти Бобур (япалоқ тош), Бобур битиклар ёзган бир неча катта тош таърифи халқ орасида тилдан-тилга ўтиб, асрлар оша бизгача етиб келган. Айни кунларда халқ тилида “ош тоғи” дея аталувчи маскан ҳам доимо одамлар билан гавжум.
Маъсуджон Сулаймонов,
ЎзА