Зафарободда сув йўллари таъмирланмоқда
Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида айни кунларда бажарилаётган бир қарашда оддийдек туюлган таъмирлаш ишлари замирида катта мақсад – сувни тежаш, уни манзилига тўла ва ўз вақтида етказиш, энг муҳими, аҳоли учун ризқ ва даромад манбаига айлантириш вазифаси мужассам.
2026-2027 йиллар кузги-қишки мавсумига тайёргарлик доирасида суғориш тармоқлари таъмирланиб, тозаланмоқда. Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ЮР-24 хўжаликлараро каналининг 2 минг 130 метрлик қисми капитал таъмирланмоқда.
Бу канал орқали Зафаробод ва Собир Раҳимов сув истеъмолчилари уюшмаларидаги 121 та фермер ва деҳқон хўжалиги ҳамда 230 дан ортиқ аҳоли томорқасига сув етказиб берилади. У хизмат кўрсатадиган умумий майдон 4 минг 959 гектарни ташкил этади.

“Ғаллаорол қурилиш-таъмирлаш” хусусий корхонаси томонидан каналнинг белгиланган қисмларида бетонлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу эса сувнинг тупроққа сингиб йўқолишини камайтириб, уни истеъмолчига барқарор ва ўз вақтида етказиш имконини кенгайтиради.
Аммо сувнинг қадрини рақамдан кўра хонадон ҳаёти яққолроқ кўрсатади. Тумандаги 30-У-24 суғориш тармоғи Сайдулла Синдаров номли СИУдаги 3 та деҳқон хўжалигининг 62,75 гектар ер майдони билан бирга “Бўстон” ва “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 348 та хонадон томорқасини сув билан таъминлайди.

Бу 348 та оила учун шунчаки сув эмас. Бу томорқада экин экиш, маҳсулот етиштириш, ўзини ўзи банд қилиш ва оила бюджетига қўшимча даромад киритиш учун яна бир имкониятдир. Агар ҳар бир хонадонда камида икки нафар киши томорқадан самарали фойдаланиш орқали меҳнат қилса, бу камида 696 нафар аҳолининг бандлиги ва даромадига дахлдор муҳим имкониятни англатади.
Айни пайтда мазкур тармоқнинг 1 километрдан ортиқ қисмида лотоклар лойқа ва чиқиндилардан тозаланмоқда. Сув йўлининг очилиши билан сувнинг хонадонлар томорқаларигача етиб бориши яхшиланади. Демак, бугун тозаланаётган ҳар бир метр тармоқ эртага бир қарич ернинг унумдорлигига, бир оиланинг дастурхонига ва яна бир даромад манбаига хизмат қилиши мумкин.

Сув – дала учун ҳосил, томорқа учун барака, хонадон учун эса даромад манбаи. Шу маънода, Зафарободда амалга оширилаётган ишлар фақат канал ва лотокларни таъмирлаш билан чекланмайди. Уларнинг замирида фермер ва деҳқон хўжаликларини ишончли сув билан таъминлаш, аҳоли томорқаларининг имкониятини кенгайтириш, мавжуд ресурсдан тежамкор фойдаланиш ва инсон манфаатига хизмат қиладиган инфратузилмани яратишдек эзгу мақсад бор.

Зеро, сув ўз вақтида манзилига етса, ер унумдорлиги ошади. Ер унум берса, хонадонда барака кўпаяди. Барака бор жойда эса меҳнатнинг қадри, оиланинг даромади ва одамларнинг эртанги кунга ишончи ортади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири