ЎзА минбари: Шаҳардаги биринчи рақамли тадбиркор 19 йилга қамалиб, 9 йилда озодликка чиқди
Ва албатта, одил суддан адолатни истаб, йиллар давомида тиклаган бизнеси, бино-иншоотлари қаерга кетганни сўрамоқда?
Ва албатта, одил суддан адолатни истаб, йиллар давомида тиклаган бизнеси, бино-иншоотлари қаерга кетганини сўрамоқда?
Баъзида ўйлаб қоламан, “Қаерда хатога йўл қўйдим, ҳаётимда дуч келганим бу қадар азоб-уқубатнинг сабаби нима-да? Тўкин ва бахтли яшаш, бошқалар учун ҳам иш ўринлари яратишга бўлган интилишим шунга олиб келдими? Қуёшга ишониб, эрта гуллаган бодом аҳволига тушдими? Энди нима қилмоқ керак?”
Бу каби саволларга жавоб излаётанимда инсон боши тошдан қаттиқлигига яна бир карра гувоҳ бўлдим. Йўқса, ўтган йиллар давомида иродам синиб, ичкиликка берилиб, қаерлардадир улоқиб, ўлиб кетардим. Излаганим адолатга эришиш умидида, балки ҳамон яшаётгандирман.
Келинг, воқеаларни бошидан айтиб берай, балки бирор бир нажот топилар. Бу воқеалардан хабардор инсонлар инсофга келиб, мадад қўлини узатишар.
Озодлик эпкинлари эса бошлаган 1990 йил июнда Ургут шаҳрида биринчилардан бўлиб “Рисола” кўп тармоқли, савдо, ишлаб чиқариш фирмаси ташкил этдик. Шу тариқа иш ўринлари яратдик. Маҳсулот ишлаб чиқардик.
Кўп тармоқли фирмадан яхши даромад кўришни бошладик. Эвазига солиқларни ўз вақтида тўлаб, қолган соф фойда ҳисобидан фаолиятимиз янада кенгайиб, янгидан–янги ишлаб чиқариш корхоналари ва иншоотлар барпо этдик. Макарон, музқаймоқ, қандолат маҳсулотларидан бошлаб, эшик-ромлар, металл панжаралар, иситиш қозонларини ясаш, тикув цехи ва шу каби бошқа ҳунармандлик цехларидан 15 та ташкил этдик.
Албатта, юртимизда Президентимизнинг тадбиркорларга яратилган шароитлар ва қўллаб-қувватлаш, эътиборни ҳам ҳис этиб турдик.
Шу тариқа 1990 – 2008 йилларда фаолиятим жадаллик билан давом этди. Ўзимиз ҳам яхшигина бойиб, атрофимиздаги ишчиларнинг ҳам манфаатдорлиги ошиб борди. Шаҳарда биринчи рақамли тадбиркорга айландим. Аммо, бу кимларгадир ёқмаётганини кейинроқ билдим...
2007 йилнинг кузида “Рисола” фирмамизда Давлат солиқ инспекцияси буйруғи билан асоссиз равишда навбатдан ташқари координацион текширув ўтказилди. Шу кундан 2008 йилнинг июль ойига қадар ушбу фирма ва ишчи хизматчилари, менинг ўзимга нисбатан ўйлаб топилган туҳматлардан иборат айблар билан 7 марта жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Бир солиқ тўламасликда, бир “Ҳизбут”чиликда, бир безорликда...
Бўйнимга қўйилиши режалаштирилган бу каби айблар ўз тасдиғини топмаган бўлса-да, 2008 йил 17 июль куни сўроқсиз мени ҳибсга олишди. Тегишли юзлаштириш-тергов ҳаракатлари олиб борилмасдан, 2009 йил 10 февралда “Ургутшаробсавдо” мансабдор шахслари йўл қўйган камомадлари бўйича “хуфиёна раҳбар” деб Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167,186, 209-моддалари билан айбдор деб топилдим. Бугунги кунги тинимсиз ҳаракатларим туфайли Самарқанд вилоят прокурорининг 2018 йил 3 декабрдаги № 17,453-18-сонли жавоб хатида “Ургутшаробсавдо” етказган зарарларни ундириш ҳақидаги низо юзасидан тегишли ҳудудий судга мурожаат қилиш ҳуқуқим борлиги кўрсатилган.
Шу тариқа 2009 йил 10 февралга келиб эса мол-мулким мусодара қилинди. Давлатга 1.723.638 минг сўм етказилган зарарни солидар тартибда бошқа судланувчилар билан бирга ундириш, ўзимни 19 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида судья М.Шерйигитовнинг ҳукми чиқарилди.
Ҳибсда бўлсамда, бу ҳукмидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларига мурожаат қила бошладим. 2016 йил 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ЖИБ судлов ҳайъати очиқ суд мажлисида раислик қилган судья У.Расулбердиев Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари назорат тартибида келтирилган протестини кўриб чиқиб қуйидагиларни аниқлади:
“Ҳукмнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1852- моддаси 2-қисми бўйича Х.Муртазоев айбли деб топилган қисми бекор қилиниб, шу қисми Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига кўра тугатилган.
Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “б” бандидан ЖКнинг 168-моддасининг 1-қисмига ҳамда 28-моддаси ва 210-моддасининг 1-қисмига қайта квалификация қилинган.
ЖКнинг (эски таҳрирдаги) 188-моддасининг 3-қисми “а”, “б” бандларидан ЖКнинг (янги таҳрирдаги) 188-моддасига 189-модд
асининг 3-қисмидан 189-моддасига қайта квалификация қилиб, 18 йилу 6 ой белгиланган жазони 2016 йил 31 март куни ЖКнинг 59-61-моддалари таркибида қайд қилинган жазо қўшиш йўли билан узил-кесил 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, (яъни жазо 5 йилу 2 ойга муддатга қисқартирилган)”.
2017 йил 31 мартда озодликка чиқиб, тадбиркорлик фаолиятимни давом эттириш мақсадида ўзимга тегишли бўлган “Рисолатбегим” ва “Бинни Фарҳод” ишлаб чиқариш корхоналарининг ҳужжатларини қонуний расмийлаштириш учун Ургут тумани ва Самарқанд вилоятининг тадбиркорликка оид тегишли мутасадди раҳбарларига ўрнатилган тартибда мурожаат қилдим. Улар уч йилдан буён “отангга бор, онангга бор” қабилида иш тутмоқда. Агарда иш бошлашимга изн беришса, 150 иш ўрни яратган бўлардим.
Ургут туманидаги муқаддам “Обод-эл-нур” хусусий корхонасига тегишли икки қаватли иншоот ва ёрдамчи биноларни аукцион савдода сотиб олгандим, уни қайтариб беришмаяпти. Тошкент шаҳар Ниёзбек йўли кўчасидаги кўчмас мулким ҳам ўзлаштириб юборилган.
Ҳозирга қадар ўз муаммоларим билан давлат идоралари, Самарқанд вилояти ҳокимлиги эшикларини бир неча марта қоқдим. Раҳбарлар қабулига кириб, масалага ойдинлик киритишга уриндим. Афсуски, хатларим жавобсиз, ўзимни ҳам ҳеч ким қабул қилмади.
Наҳот мени бошимга бу кўргуликларни солганлар (собиқ прокурорлар) жазога тортилган бўлсада, улар туфайли ноҳақ жабрланган менга ҳеч ким кўмак бермаса. Энг қизиғи, Самарқанд вилояти Иқтисодий суди 2019 йилда берган жавоб хатида “Рисолат” ХИЧСФга нисбатан юритилган хўжалик иши йўқ қилингани ҳақида маълум қилмоқда.
Унда нимага асосан мен 19 йилга қамалиб, умримни сим панжаралар орасида, оиламдан узоқда, кўксимни захга бериб, азобда ўтказдим. Йиллар давомида тиклаган бизнесим, бино, иншоотлар қани?
Қисқаси, амалдаги Конституциямиз ва унга зид бўлмаган қонунларга кўра, юртимизда мулк ҳуқуқи дахлсиз ва муддатсиздир. Хусусий мулк ва унга бўлган барча ҳуқуқлар қўриқланадиган бўлса, қамоқда ўтган умрим ва талон-тарож қилинган мол-мулким учун ким жавоб беради?.
Ҳалим Муртазоев, тадбиркор
Самарқанд вилояти.
ЭСЛАТМА: Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги www.uza.uz сайтида “ЎзА минбари” рукни ташкил этилган. Агентликка келаётган мурожаатлар, ариза ва шикоятлар, фикр-мулоҳазалар, билдирилаётган таклифлар асил ҳолича, жузъий таҳрирлар билан эълон қилинади. Таҳририят фикри муаллиф нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин. "ЎзА минбари"да бериладиган материалларнинг холислиги ва уларда келтирилган маълумотларга муаллифнинг ўзи жавоб беради.