Юз ёшли отахонга Президент табриги етказилди
Сирдарё вилоят хокими Акмалжон Маҳмудалиев вилоят секторлари раҳбарлари билан бирга Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, ҳозирги кунда 100 ёшдан ошган боёвутлик Ўскан бобо Ҳожиманов хонадонига ташриф буюрди.
Вилоят ҳокими уруш ва меҳнат фахрийсига Президентимизнинг унга йўллаган Янги йил байрами табригини ўқиб эшиттирди, бир марталик пул мукофоти ва совғаларни топширди.



Ўскан бобо Ҳожиманов 1943 йилда фронтга отланиб, Москва остоналаридан Кенисберг шаҳрини озод қилишгача бўлган жанггоҳларни босиб ўтди. Одер дарёсини кечиб ўтишда мардлик намунасини кўрсатди. Урушнинг охири кўриниб қолганда яраланиб, Ярославль областининг Рибинск госпиталида бир ярим йил даволанди. Орадан 7 йил ўтгач, 1950 йил Зомин туманидаги она қишлоғи Аччига кириб келди. 28 йил хўжаликда шофёрлик қилиб, турмуш ўртоғи Новвотой момо билан 10 нафар фарзандни вояга етказди.

Кўрсатилган бу эътибордан мамнунлигини яшира олмаган Ўскан бобо юзида табассум ва шукроналик билан юртимиз тинчлиги бардавом, Ватанимиз янада обод бўлиши, меҳр-оқибатли, саховатли халқимиз бунданда фаровон яшашини тилаб дуо қилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири