Юз ёш билан юзлашган момо
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “Кексалар ҳафталиги” доирасида қариялар, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинмоқда.
Хусусан, Яккасарой туманидаги Белариқ маҳалласида истиқомат қилаётган 102 ёшли Суембика момо Шарипова хонадонига борилди. Онахон билан дилдан суҳбат қуриб, ҳаёт йўлларидаги қизиқ воқеалар, панду насиҳатлари тингланди.

–Умрим меҳнатда ўтди, –деди Суембика момо. – Узоқ умр кўришлик, аввало, Яратганнинг марҳамати, қолаверса, ҳалол меҳнат, кўнгил хотиржамлиги, бағрикенглик, одамларга яхшилик қилиш инсон умрини узун ва зийнатли қилади. Мен ўтаётган умримга шукр қиламан. Шунча йил яшадим, ризқ-насибам кам бўлмади. Давлатимиз мен каби кексаларга ҳурмат, эъзоз кўрсатмоқда. Бундан ортиқ бахт йўқ, болам.
Момонинг тилидан шукроналик тушмайди. У ўтган ҳаётини, бошидан ўтказган қийинчиликларини, фарзандларини оёққа тургазгунча чеккан азобларини, навқирон пайтларида тонг саҳардан кеч оқшомгача далада тупроқ кечиб, ғўза чопганию шоли ўтаганларини эртакдай сўзлаб беради.

–Онахон нафақат фарзандлари, оиласи, балки маҳалланинг ҳам кўрки, –деди “Белариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.Исроилов.
– Каттаю кичик у кишини зиёрат қилишга, пурмаъно суҳбатларидан баҳраманд бўлишга, дуоларини олишга интилади. Сўзлари ҳикмат, юзларидан нур ёғилиб турган содда ва самимий онахон билан суҳбатлашиб, ҳаётнинг оддий ҳақиқатлари – ҳалол меҳнат, бағрикенглик ва шукроналик инсонни муродга, эъзозу эҳтиромга етказишини англагандек бўласиз.
Бугун юртимизда юз ёш билан юзлашган табаррук инсонлар ҳаётимизга кўрк бўлиб, умргузаронлик қилмоқда. Орамизда аср билан тенгдош дуогўй отахону онахонларимиз борлигидан қувонамиз. Чунки ана шу табаррук инсонларнинг ҳаёт йўллари биз учун ибрат, панду насиҳатлари билан эса ҳаётимиз янада файзли, йўлларимиз равон бўлиши, шубҳасиз.
Гулноза Бобоева, ЎзА