Юртимизда соя ўсимлиги етиштириладими?
Айрим мамлакатларда кузатилаётган озиқ-овқат етишмовчилигини бартараф этишда озуқавийлиги юқори бўлган соя ўсимлигидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Дунё аҳолисининг 55 фоизи, жумладан, хитойликларнинг аксарияти соя мойини истеъмол қилади. Соя ўсимлигидан сут, қатиқ, творог, пишлоқ, мой, гўшт сингари оқсилга бой озиқ-овқатлар ўрнини босувчи тўрт юздан зиёд турли маҳсулот олиш мумкин. Бу ўсимлик етиштирилишига кўра дунё деҳқончилигида буғдой, шоли ва маккажўхоридан кейин тўртинчи ўринда туради.
Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда соя донидан инсон организми учун мутлақ зарарсиз бўлган ўсимлик мойи олинмоқда. Соя донининг мойи ажратиб олингач, фақат оқсили қолади. У колбаса цехларида, болалар озуқалари ҳамда турли печенье ва шоколадли конфетлар тайёрлашда ишлатилади. Соя уни қўшиб тайёрланган нон маҳсулотлари 4-5 кун давомида юмшоқ бўлиб туради. Буғдой унидан пиширилган нонларга қараганда тўйимлилиги икки марта юқори.
Соя дони таркибида 45 фоизгача оқсил ва 25 фоизгача ўсимлик мойи сақланади. Соя оқсилидан қон плазмалари, кўзойнаклар учун сифатли линзалар олиш ҳамда жун газламалар ишлаб чиқариш мумкин.
Чорвачиликда ҳам соя маҳсулотлари сифатли ва тўйимли ем-хашак озуқасидир. Сулининг 100 килограмм донида 100, буғдойда 116, арпа донида 126, маккажўхорида 133 озуқа бирлиги мавжуд бўлса, ана шунча соя донида 134,8 озуқа бирлиги бор.
Соя шротида ҳам 14 хил аминокислота сақланиб қолади. Ана шу моддалар 3 кунлик жўжалар учун жуда фойдалидир. Натижада товуқлардан олинадиган тухум сони ортади ҳамда уларнинг боқилиш муддати 12-15 кунга қисқаради.
Соя оқсилидан ипакчиликда ҳам озуқа сифатида фойдаланилади. Японлар тажрибасига кўра, бир йилнинг ўзида беш мартагача ипак қурти боқиш мумкин.
Бу ўсимликнинг афзалликларидан яна бири, тупроқ унумдорлигини оширишидир. Соя дуккакли ўсимлик бўлгани боис, ҳаводан соф азотни ўзлаштириб, илдизлари орқали тупроқни азот билан бойитади. Ўсимлик ўсув даврида ўзи учун ҳам, ўзидан кейинги ўсимлик учун ҳам маълум миқдорда азот қолдириши натижасида тупроқ структураси яхшиланиб, биологик унумдорлиги ошади. Ушбу хусусиятига кўра, соя бугунги кун деҳқончилигида энг муҳим экинлардан бири ҳисобланади.
Соя ўсимлигининг инсон организмига бир қатор фойдалари бор бўлиб, овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Соя ўсимлиги фибрага бой, бу овқат ҳазм қилиш тизимини яхшилашга ёрдам беради ва ичакларнинг соғлом фаолиятига кўмаклашади. Ёғлар ва холестерин даражасини пасайтиради: соядаги фитостероллар холестериннинг ошишига қарши курашади ва ёғларнинг мувозанатини сақлашга ёрдам беради.
Шунингдек, ушбу ўсимлик калций манбаи саналади. Соя кўп миқдорда калций ва бошқа минераллар, шу жумладан, магний ва темирни ўз ичига олади, бу суяклар ва тишлар учун фойдали. Антиоксидант таъсир кўрсатади яъни, соядаги изофлавонлар айниқса, генистеин ва даидзеин, антиоксидант хусусиятга эга бўлиб, ҳужайраларни эркин радикаллардан ҳимоя қилади ва қаришни секинлаштиради. Соя ўсимлигидаги омега-3 ва омега-6 ёғ кислоталари юракнинг соғлом фаолиятига ёрдам беради. Гормонларнинг мувозанатини сақлашда ҳам самаралидир.
Адҳам Аҳмедов,
Самарқанд давлат тиббиёт университети доценти.