Юртимизда «Китобхонлик ҳафталиги»га старт берилди
«Китоблар жонсиз, аммо содиқ дўстлардир» деган эди машҳур француз адиби Виктор Гюго. Сал кам икки аср аввал айтилган бу гап ҳануз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Бугун ана ўша жонсиз, бироқ садоқатли ҳамроҳ бўлган китобларнинг тарғиботи йўлида юртимиз бўйлаб «Китобхонлик ҳафталиги»га старт берилди.«Китобсевар миллат» шиори остида ўтказилаётган мазкур ҳафталик 18-23 апрель кунлари республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олиши режалаштирилган.
Бугун эрта тонгда «Алишер Навоий» номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ҳафталикнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда таниқли шоир ва ёзувчилар, китобхонлар ва жамоатчилик иштирок этиб, ҳафталикнинг моҳияти ҳақида ўзаро фикр алмашди.
[gallery-6690]
– Ҳафталик доирасида ўтказиладиган тадбирлар мамлакатимизнинг барча ахборот-кутубхона марказларида, ҳаттоки энг чекка тумандаги ахборот-кутубхона марказларида ҳам онлайн ва офлайн тарзида бўлиб ўтади. Унда Миллий кутубхона директори ҳам вилоят ахборот-кутубхона марказларида бўлиб, компьютер жамланмалари ва китоблар тақдим этиши кутилмоқда,– дейди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бош мутахассиси Муқаддас Бобомуҳамедова.
Маълумот учун, ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ноширлар ва китоб савдоси ташкилотлари Миллий ассоциацияси ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Унда маънавий-маърифий тадбирлар, ноширлар ва кутубхоначилар ҳамкорлигидаги давра суҳбатлари ва турли халқаро меморандумларнинг имзоланиши режалаштирилган.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА