Юртимиз гимнастикачи қизлари ғолиб бўлди
Андижон шаҳридаги Универсал спорт мажмуасида бадиий гимнастика бўйича қизлар ўртасида “Andijan inernational rhythmic gymnastics tournament” халқаро турнир бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда хотин-қизлар спортини, хусусан, қизлар ўртасида спортнинг бадиий гимнастика турини оммалаштириш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Юртимизда қизларнинг спортнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилган. Айниқса, турли мусобақаларнинг ўтказилиши бадиий гимнастика билан шуғулланаётган қизларнинг ўз иқтидор ва маҳоратларини тўлақонли намоён этишларига кенг имкон бермоқда.

Андижон вилояти ҳокимлиги, спорт бошқармаси, гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган халқаро турнирда республикамизнинг барча вилоятларидан ҳамда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия ва Озарбайжон давлатларидан ташриф буюрган 2005 – 2021 йиллари туғилган 900 нафарга яқин гимнастикачи қизлар иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.

– Иштирокчилар якка ва жамоавий чиқишлар орқали ўз маҳоратларини намойиш этди. Қатнашчилар чиройли чиқишлари билан спортнинг нафис тури ҳисобланган бадиий гимнастиканинг ўзига хос нозик жиҳатлари, техникасини пухта ўзлаштириб олганликларини кўрсата олди. Муҳими, спортнинг ушбу тури республикамизда тобора ривожланиб, халқаро майдонларда юқори натижаларга эришаётган гимнастикачилар сафи ортиб бормоқда, – дейди мусобақа бош ҳаками, Андижон вилояти гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби мураббийи Муҳсина Фозилжонова.

Юқори савияда, қизиқарли ва байрамона руҳда ўтган мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида юртимиз гимнастикачилари биринчи ўринни қўлга киритди.

Турнирда қирғизистонлик гимнастикачилар иккинчи, қозоғистонлик вакиллар учинчи ўринга сазовор бўлди.
Турнир ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, фаол иштирокчилар турли номинациялар бўйича ташкилотчилар томонидан, тегишли медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.