“Юрт қайғусида 365 кун” номли китоб тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилдаги сермаҳсул фаолияти акс этган “Юрт қайғусида 365 кун” номли китоб тақдимотига бағишланган адабий тадбир ташкил этилди.
Китоб тақдимотига бағишланган анжуманда мамлакатимизнинг ижодкор зиёлилари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, устоз журналистлар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Ориф, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда востока” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев, Кинематография агентлиги бош директори Шуҳрат Ризаев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар ортга қайтмаслиги, улар ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётгани, бугун Ватанимиз жаҳонда янги Ўзбекистон сифатида тобора кўпроқ шуҳрат қозониб бораётганини таъкидлади.
– Бу оламшумул ўзгаришлар Президентимизнинг юртга, халқимизга фидойилиги, матонати, заҳматли меҳнатлари, катта ҳаётий ташаббусларни илгари суриши сабабли юз бермоқда, – деди “Янги Ўзбекистон” ва “Правда востока” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров. – Албатта, бу ижобий ўзгаришларни бир ёки икки китобда акс эттириш мумкин эмас. Мамлакатимизда туб янгиланиш жараёнлари барпо этила бошлаганига бу йил 10 йил тўлади. Ҳар куни мамлакат тараққиёти, унинг ободлиги, тинчлиги, дунё билан бўйлашишига оид кўплаб янгиликлар рўй бермоқда. Улар ҳақида келгусида яна туркум китоблар тайёрлаш кўзда тутилган.
[gallery-29480]
Анжуманда эътироф этилганидек, “Юрт қайғусида 365 кун” номли китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 давомидаги серқирра фаолияти, давлат бошқаруви, халқаро дипломатия, иқтисодий ислоҳотлар, экологик барқарорлик, ижтимоий ҳимоя, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида амалга оширган ишларини ҳужжатли манбалар, таҳлилий шарҳлар ва фотолавҳалар асосида жамлаган кенг қамровли тўплам ҳисобланади.
Китоб мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг тарихий кўлами, давлат бошқарувидаги янги ёндашувлар ҳамда инсон қадри устувор бўлган тараққиёт моделини акс эттирувчи муҳим сиёсий-ҳужжатли манба сифатида алоҳида аҳамиятга эга.
Тўпламнинг асосий концепцияси мамлакат тараққиётини давлат ва жамият ҳаётидаги реал ўзгаришлар, стратегик қарорлар ва инсон қадри устувор бўлган сиёсий ёндашувлар асосида очиб беришга қаратилган. Нашрда 2025 йил давомида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти изчил ёритилган.
Хусусан, китоб саҳифаларида иқтисодий ўсиш суръатлари, инвестицион фаоллик, экспорт ҳажмининг ортиши, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, “Яшил иқтисодиёт” сиёсатини кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда янги Ўзбекистоннинг глобал майдондаги нуфузи ортиб бораётгани ҳақидаги муҳим факт ва далиллар ўрин олган.
Шунингдек, мазкур китобда давлат раҳбарининг бевосита халқ билан мулоқотлари, ҳудудларга ташрифлари, халқаро саммит ва музокаралардаги иштироклари, стратегик шериклик алоқалари, экология, энергетика, рақамли технологиялар, мудофаа, уй-жой сиёсати, маънавий-маърифий тараққиётга оид ташаббуслари яхлит тарихий жараён сифатида талқин этилган.
Нашр йил давомида юз берган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни муайян хронологик кетма-кетлик асосида ёритади. Китоб ойлар кесимида тартибланган бўлиб, ҳар бир ой аввалида Президент фаолиятининг асосий йўналишлари қисқача жамланган. Шунингдек, муҳим воқеалар, ташрифлар, учрашувлар, видеоселектор йиғилишлари, халқаро музокаралар, имзоланган ҳужжатлар, ташаббус ва лойиҳалар алоҳида бўлимлар кесимида батафсил шарҳланган.
Мазкур ёндашув китобхонга йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар динамикасини изчил кузатиш, давлат бошқарувидаги устувор йўналишлар қандай шакллангани ва уларнинг ўзаро узвий боғлиқлигини яхлит манзарада англаш имконини беради.
Китобда статистик маълумотлар, таҳлилий шарҳлар, иқтибослар, халқаро муносабатларга оид фактлар, фотолавҳалар ҳамда QR-кодлар орқали тақдим этилган қўшимча материалларнинг уйғун қўлланилиши нашрнинг ахборот салмоғини янада оширади.
“Юрт қайғусида 365 кун” нашри кенг китобхонлар оммаси билан бир қаторда сиёсатшунослар, тарихчилар, тадқиқотчилар, халқаро муносабатлар мутахассислари, журналистлар, талаба-ёшлар ҳамда янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнларини чуқур ўрганишга қизиқувчи мутахассислар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова, Ў.Ҳайитов (суратлар), ЎзА мухбирлари