Юрт ободлигига муносиб ҳисса қўшамиз
Юртимиз ободлиги йўлида олиб борилаётган ишлар, айниқса, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, яшил ҳудудлар ташкил этиш она табиатимиз мусаффолигини таъминлаш билан бирга, экологик вазиятни барқарорлаштириш, саломатлигимизни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ана шундан келиб чиқиб, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу хайрли ташаббус доирасидаги ишлар Андижон вилоятида ҳам юқори кўтаринкилик билан олиб борилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор ойида вилоятда 9,7 миллион тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахтлар, шунингдек, бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экилган бўлса, куз мавсумида 5 миллион 800 минг тупга яқин мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари, қаламчалар экилиши режалаштирилган.
Айни кунларда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда кўчат экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Андижон давлат университети жамоаси ҳамда талабалари ҳам ушбу лойиҳада фаол иштирок этмоқда. Биргина куз мавсумининг ўзида университет ҳудудига 5 мингдан зиёд мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтказилди. Бундан ташқари, университет қошидаги академик лицей, техникумларда ҳам ҳашарлар ташкил этилиб, дарахт кўчатлари ўтказилди.
Кўчат, гул экишдек хайрли ишлар юртни обод қилиш билан бирга, инсонлар ўртасидаги бирдамлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди. Шу боис ҳам ушбу жараён яна давом эттирилади ва бу ишга университетимиз жамоаси ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Акрамжон ЮЛДАШЕВ,
Андижон давлат университети ректори