“Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга тушади
Юртимизда суд-ҳуқуқ, адвокатура тизимини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, зарур қонуний ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Хусусан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”га кўра, “мустақил адвокатура концепцияси” асосида адвокатура фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ва тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунни ишлаб чиқиш белгиланган.
Президентимизнинг эълон қилинган “Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги муҳим вазифаларни ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Хўш, мазкур ҳужжатда айнан қандай масалалар кўзда тутиляпти?
2023 йил 1 январдан фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат идоралари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилади.
Ушбу тизим доирасида адвокатлар электрон реестри ва адвокатларнинг шахсий электрон кабинети шакллантирилади. Бу орқали жисмоний ва юридик шахслар билан онлайн мулоқот қилиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ишонч билдирувчи шахс хоҳишига асосан масофадан туриб юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида онлайн битимлар (шартномалар) тузиш ва онлайн юридик ёрдам кўрсатиш имконияти яратилади. Бу нафақат соҳа ходимлари, балки фуқаролар, мурожаатчилар, умуман, кенг аҳоли қатлами учун қулайлик деганидир.
Шунингдек, адвокатура, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат идоралари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви йўлга қўйилиши ҳам имкониятларни кенгайтиради. Бу амалиётда юзага келаётган хат-ҳужжат алмашиш, ўрганиш ва расмийлаштириш жараёнларидаги катта вақт сарфи кескин камайишида долзарб аҳамиятга эга. Ҳужжатларнинг электрон алмашинуви йўлга қўйилиши давлат идоралари хизматчилари, фуқароларнинг сарсонгарчиликларига чек қўяди.
Қарорда адвокатлик тузилмалари томонидан адвокатларга муайян ишни олиб бориш учун бериладиган анъанавий шаклдаги ордер мақомига тенг бўлган махсус QR-код қўйилган ордер берилади. Ордер ҳақидаги маълумотни “Юридик ёрдам” ахборот тизимига киритиш мажбурий ҳисобланади. Шу билан бирга, адвокат сўрови шаклига қўйилган талаблар, жумладан, унга ордернинг кўчирма нусхасини илова қилиш, ордерни қайд этиш дафтарини юритиш талаблари бекор қилинади.
Энг муҳими, давлат ҳисобидан адвокатларни ишга жалб этиш инсон омилисиз, электрон тартибда тасодифий танлаш йўли билан аниқланиши белгиланмоқда. Бу билан тизимдаги айрим камчиликлар, йўл қўйилаётган хатолар бартараф этилади. Яъни, таниш-билишчилик, айниқса, бугунги кунда долзарб муаммолардан бири бўлган коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади. Бу ўз навбатида, адвокатура институтининг мавқеи ошишида, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолат тамойиллари кучайишида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, адвокатура фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилиши соҳа фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини оширишга хизмат қилади.
Шербек БЎРОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари
қўмитаси аъзоси