“Юракка йўл” – инсон қалбига меҳр ва эътибор намунаси
O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Тахтакўпир туманида ўтказилган “Юракка йўл” акцияси чин маънода инсон қалбига йўл топган, меҳр ва эътиборга йўғрилган тадбирлардан бири бўлди.
Мазкур хайрли акцияда партия ходимлари, ёш волонтёрлар, маҳалла ва партия фаоллари иштирок этди.Акция доирасида туманнинг Ўзбекистон, Ғарезсизлик ҳамда Қара ой маҳаллаларидаги 30 га яқин хонадонга ташриф буюрилиб, аҳолининг ҳолидан хабар олинди. Уларни қийнаётган муаммо ва масалалар атрофлича ўрганилди.

Жумладан, Ғарезсизлик маҳалласида яшовчи фуқаро Тиллахон Низанова турмуш ўртоғи Нуратдин Бахишовнинг соғлиги билан боғлиқ муаммо юзасидан мурожаат қилди. Унинг айтишича, турмуш ўртоғи 2022 йилдан буён оғир касаллик туфайли оёққа туролмайди, гапира олмайди. Мурожаатда дори-дармон таъминоти ҳамда ногиронлик гуруҳига чиқиш масалаларида амалий ёрдам сўралди. Ўрганишлар давомида оиланинг даволаниш учун молиявий имконияти чеклангани, шу боис гуруҳга чиқиш жараёнида қийинчиликлар юзага келаётгани аниқланди. Мазкур масала партия фаоллари томонидан назоратга олиниши таъкидланди.

Ушбу акция оддий тарғибот тадбири эмас, балки инсон дардини ҳис қилиш, унинг ҳолидан хабар олиш ва қийин вазиятда қўллаб-қувватлашдек юксак инсоний қадриятларни намоён этди. Партия фаоллари ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар хонадонларига ташриф буюриб, улар билан самимий суҳбатлар олиб бордилар. Ҳаётий муаммоларига бефарқ эмасликларини амалда кўрсатдилар.
Шунингдек, акция доирасида партиянинг “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасидаги тадбир ҳам ташкил этилди. Унда партия фаоллари тумандаги Ўзбекистон маҳалласида истиқомат қилувчи Луиза Аметова хонадонига ташриф буюрдилар.

У бир неча йилдан буён томорқачилик ва паррандачилик билан шуғулланиб, барқарор даромад топиб, аҳолини сифатли маҳсулот билан таъминлаб келмоқда. 2023 йилда ташкил этилган иссиқхонада бодринг ва помидор етиштирилмоқда. Бугунги кунда маҳалладаги 10 нафар аёлни иш билан таъминлаб, йил давомида ҳосил олиб, бозорга чиқармоқда.
Мазкур акция аҳоли дардига бефарқ бўлмаслик, ҳар бир инсон тақдирига масъулият билан ёндашиш партия фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлади. “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури эса ана шу тамойилларни амалда рўёбга чиқараётган муҳим механизм сифатида ўз самарасини кўрсатмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.