Юракда яшайди асл шоирлар
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллигига бағишланган «Юракда яшайди асл шоирлар» мавзусидаги илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда шоирнинг рафиқаси, Муҳаммад Юсуф номидаги жамоат фонди раиси Назира Саломова, шоирнинг синглиси Муҳаббатхон Юсупова, Тошкент давлат шарқшунослик университети «Таржимашунослик ва халқаро журналистика» кафедраси профессори Хайрулла Ҳамидов ҳамда доцент Наргиза Исматуллаева иштирок этди.

Назира Саломова ва Муҳаббатхон Юсуповалар шоир ҳаёти тўғрисидаги ёрқин хотираларни эсга олишди. Самимий ва камтарин инсон Муҳаммад Юсуфнинг шеърлари халқимиз маънавий меросига айланиб бораётгани таъкидланди.

Анжуманда вазирлик ходимлари томонидан шоир шеърлари ижро этилган видеолавҳа намойиш этилди, унинг сўзи билан айтиладиган қўшиқлар гулдастаси тақдим этилди. Шунингдек, Муҳаммад Юсуф шеърларини илк маротаба турк тилига таржима қилган олим Х.Ҳамидов сўзга чиқиб, бадиий таржиманинг ўзига хос хусусиятлари, ўзбек адабиёти дурдоналарини жаҳон аҳлига танитиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.

Йиғилганлар эътиборига, шунингдек, Х. Ҳамидовнинг «Muhammed Yusuf. Seçme Şiirler» номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Шоир таваллудининг 70 йиллигига бағишлаб нашр этилган ушбу тўплам турк тилига таржима қилинган энг сара ижод намуналарини жамлаган.
Йиғилиш якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга адабиёт вакиллари атрофлича жавоб берди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА