Юксак салоҳиятли кадрлар – юрт таянчи
Дунё тамаддуни ривожини замонавий билим ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ёшларсиз тасаввур этиш қийин. Шу боис ёшлар иқтидорини аниқлаш ва уни ривожлантириш доим муҳим масала саналган.
Юртимизда кейинги йилларда юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлиб ўтган “Оқ йўл сизга, битирувчилар!" деб номланган тадбирда бу жиҳатларга яна бир карра эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, мазкур олий ўқув юрти ректори Музаффар Комилов ушбу олий таълим даргоҳи янгиланаётган Ўзбекистонга мос тарзда такомиллашиб бораётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқаро ислом академияси наинки мамлакатимиз, балки дунё миқёсида эътироф этилаётган, шиддатли давр талабларига тўлиқ жавоб берувчи олий таълим даргоҳи саналади.
Халқаро ислом академиясидаги барча бўлимлари, кафедралари бугунги давр талабларига жавоб берган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Академияда талабаларнинг мукаммал билим олиши, илмий изланиши учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратилган.
Бугун фикрлар, мафкуралар, ғоялар кураши авж олган бир пайтда ушбу академия мутахассисларига эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам кучлидир.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов дин ва дунё ишларини тўғри ташкил этадиган мутахассислар республикамизнинг турли жабҳаларига кириб бораётганини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Уйғун Ғафуров Халқаро ислом академияси мўътабар даргоҳ экани, бу ерда юксак салоҳиятли кадрлар етишиб чиқаётганини қайд этди.

Тадбирда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров мазкур академиянинг мамлакатимиз маърифий ҳаётидаги бениҳоя катта таъсири ва аҳамияти, ўрни хусусида сўз юритди. Айни пайтда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида ушбу академия битирувчиларига бўлган талаб ва эҳтиёж катта экани алоҳида эътироф этилди.

Тадбир давомида битирувчи ёшларга – бакалавр ва магистрларга дипломлар, уларнинг устозларига фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар, эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясини 2022/2023 ўқув йилида 453 нафар талаба бакалавриат ва 135 нафар йигит-қиз магистратура босқичини тамомламоқда.

Тадбирда сўзга чиққан битирувчи ёшлар юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга, ушбу ўқув даргоҳига, қадрдон устозларига миннатдорлик билдирди.

Тантанали тадбирда шунингдек, “Ёшлар ойлиги” доирасида ушбу академияда бўлиб ўтган “Ректор кубоги учун” турнири ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.
Назокат Усмонова, ЎзА